Ўзбекистон | 01:10 / 30.12.2018
14826
8 дақиқада ўқилади

«Бир йил ичида мактабгача ёшдаги болаларни қамраб олиш деярли 10 фоизга ошди» — Агриппина Шин

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин Kun.uzʼга берган интервьюсида ўтган бир йил ичида мактабгача ёшдаги болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш деярли 10 фоизга ошганини таъкидлаб ўтди.

— Бу йил сентябрь ойида Мактабгача таълим вазирлиги тузилганига, фаолият кўрсата бошлаганига бир йил тўлди. Сиз қандай умумий якунларни санаб берган бўлардингиз: нималар қилинди, нималар қилишга улгурмай қолинди?

— Бугун мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг барча жабҳаларида туб ислоҳотлар ўтказилмоқда. Жамоат муносабатлари қайта баҳолаб чиқилмоқда ва шубҳасиз, бу ўзгаришлар Мактабгача таълим вазирлигини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Албатта, муаммолар бўлиб келган. Мактабгача таълимни бошқаришнинг мавжуд тизими йиллар давомида тўпланиб қолган тизимли муаммоларни тезкор ҳал этишга имкон бермасди. Инновацион ёндашувни жорий этишнинг имкони йўқ эди. Бир вақтнинг ўзида демографик тенденциялар ва мавжуд инфратузилмалар ўртасида катта фарқ бор эди. Мактабгача таълим соҳаси ходимининг нуфузи шу қадар тубанлашган эдики, бу ҳол кадрларга доир муаммолар, “кадрлар танқислиги”ни келтириб чиқарган. Агар овқатланишни ташкил қилиш ва соғлиқни сақлаш ҳақида гапирадиган бўлсак, албатта бу ерда ҳам ҳолат жуда ташвишли эди.

Табиийки, президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилнинг 30 сентябрида Мактабгача таълим вазирлиги тузилди. Айни кунда вазирлигимиз мактабгача таълимни барқарор ривожлантиришга йўналтирилган ислоҳотлар ва ўзгаришлар амалга оширилаётган энг устувор соҳа ҳисобланади.

— Шу ўтган йил ичида энг асосий муваффақиятларни санаб бера оласизми?

— Ўтиб бораётган 2018 йилни кузатар эканмиз, уни 2017 йилга таққослаб ўзимизнинг ижобий натижаларимиз билан ўртоқлашишимиз мумкин. Бу йўналишда жуда кўп нарсаларга эришдик.

Биринчиси, асосларнинг асоси ҳисобланувчи меъёрий база тўлиқ қайта кўриб чиқилди ва такомиллаштирилди. 30 дан ортиқ меъёрий-қонунчилик ҳужжатлари ишлаб чиқилди. Биз янги дастур қабул қилиб мавжуд талабларни тўлиқ ўзгартиришга диққатимизни жамладик ва бу борада президентимизнинг “уларда ижодкорлик ва қобилият учқуни аланга олиши, ўзини намоён қилиши учун барча яхши нарсалар ёш болажонларимизга бўлиши керак”, деган гаплари биз учун дастуриламал бўлди.

Шу муносабат билан биз UNICEF фонди билан биргаликда ўзимиздаги барча давлат талабларини қайта кўриб чиқдик, жанубий кореялик экспертлар билан ҳамкорликда экспертиза ўтказдик, жаҳоннинг энг илғор ва энг яхши амалиётларига асосланиб, “Илк қадам” янги таълим дастури ишлаб чиқилди. У бежизга бундай номланмади. Чунки у чиндан ҳам таълим олиш йўлидаги илк қадам бўлади.

Мазкур таълим дастури чиндан ҳам уникал ҳисобланади, чунки у жуда эгилувчан, қатъий регламентлаштирувчи эмас, ҳудудларга ўзларининг шароитларидан келиб чиқиб, ўз вариантив дастурларини қўллашга имкон беради. Боз устига, дастур ижтимоий йўналтирилган бўлиб, унинг марказида шахсият ётади. Шунчаки шахсият эмас, ўша шахсни камол топтириш. Фақат мактабча ёндашув ва мактубча усулдан иборат бўлган эски дастурдан фарқли ўлароқ, бу ерда тарбиячи болани ривожланишга ўргатади.

— Корейс тажрибаси ҳақида кўп гапирамиз. Нега бошқа давлатнинг эмас, айнан Корея тажрибаси, бу нима билан боғлиқ?

— Бу борада айтадиган бўлсам, менталлик, оилавий қадриятлар, катта ва кичикларга муносабат ва ҳоказоларда бу икки халқнинг умумий нарсалари жуда кўп. “Шарқ — нозик масала”, дейишади. Боз устига, Корея таълим тизимизда, айниқса мактабгача таълим соҳасида етакчи позицияларни эгаллайди. Жанубий Кореяда 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларнинг 98 фоизи таълим муассасалари билан қамраб олинган. Бизда 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар боғчаларга қабул қилинади. Кореядаги мактабгача таълим фалсафаси табиий шароитларда ва ўйинлар орқали юз беришига эътибор берилади.

Агар “тарбиячи – ўқувчи” тенденциясини оладиган бўлсак, бизнинг услубимизда ўқувчи тарбиячининг ортидан борган бўлса, Корея моделида ҳам, жаҳондаги илғор амалиётларда ҳам ўқитувчи боланинг қизиқишлари ортидан боради. Биз ўйинчоқлар, мебеллардан бошлаб инфратузилмалар, бинонинг архитектурасигача бўлган ёндашув бизни ҳайратга солди. Бола ўсиб ривожланиш учун катта ҳудудга эга бўлади. Бола бу ерда ўйнаши, бошқалар билан мулоқот қилишни ўрганиши мумкин. Энг асосий буларнинг ҳаммаси хавфсизлик руҳи билан йўғрилган. Яъни, диққат марказида хавфсиз таълим муҳити туради.

— Бугунги кунда ҳудудлар ва бутун мамлакат бўйича мактабгача таълим соҳасида қамров қандай даражада?

— Гарчи статистика қуруқ рақамлардан иборат бўлса-да, улар кўп нарсадан ҳикоя қилишади. 2017 йилда мактабгача таълим билан болаларнинг қамраб олиниши 27,7 фоиз бўлган. Умуман, Ўзбекистонда 3–7 ёшли мактаболди болаларининг сони 2,5 миллиондан ортиқ. Бугунги кунга келиб, буни фахр билан бемалол айтишимиз мумкин, бир йил ичида қамров деярли 10 фоизга ошди ва 37,6 фоизга етди. 10 фоиз бир қараганда кам кўринар, лекин рақамда ифодаланса бу илгари болалар боғчасига умуман бормаган 240 мингдан зиёд болани ташкил этади. Бунга бир неча сабаблар орқали эришдик.

Биринчиси — бизнинг манзилли инвестиция дастуримиз туфайли янги қурилишлар, реконструкциялар сони ошди. Реконструкциялар сабабли биз болалар таълим муассасаларининг қувватини оширишга муваффақ бўлдик. Бундан ташқари республика бўйича амалда фаолият кўрсатмаётган 800 дан зиёд филиаллар мавжуд эди. Мактабгача таълим вазирлиги томонидан мазкур филиалларни қайта ташкил этиб, уларни мустақил таълим муассасасига айлантириш бўйича катта ишлар амалга оширилди. 680 та ана шундай янги давлат мактабгача таълим муассасалари пайдо бўлди.

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан давлат-хусусий шериклик дастури амалга оширилиб, бу йўл билан бизнесни мактабгача таълимга жалб қилдик.

— 25 йил озгина муддат эмас. Шунча давр мобайнида қандайдир сабабларга кўра мактабгача таълим мана шундай ачинарли аҳволга тушиб қолди. Мутахассис сифатида бу соҳа эътибордан четда қолиб, нега мана шундай аҳволга тушиб қолганини тушунтириб бера оласизми?

— Ўтган даврдаги тенденцияга кўра, олий таълимга, ўрта махсус, касб-ҳур таълими соҳасига катта эътибор берилиб, бир неча давлат дастурлари қабул қилинди. Мактабларни ривожлантириш бўйича ҳам давлат дастури ишлади. Илгари мактабгача таълимни ақалли ўрта звенога чиқариш бўйича фикрлар бошқачароқ бўлган шекилли. Албатта, биз инсон капиталига сармоя ётқизишимиз керак. Инсон капиталини ўстириш эса шубҳасиз, фақат эрта болаликдан бошланади.

Тўлиқ интервью (рус тилида):

Видео: Yotube.com

Видео: Tas-IX

Руслан Рамазанов суҳбатлашди.

Мавзуга оид