Ўзбекистон | 20:15 / 31.12.2018
21536
4 дақиқада ўқилади

“Биз узоқ вақтни йўқотганмиз”. Депутат Расул Кушербаев билан катта суҳбат

Кўринмайдиганлар орасида кўриниш, жим турадиганлар орасида жимликни бузиш осонмас. Бу ишларнинг уддасидан чиққан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев фаол депутат бўлишнинг товони, зиммасидаги масъулият ва вазифалар, умуман мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий ҳолатга шарҳ бериб, Kun.uz билан интервьюда булар ҳақида гапириб берди.

Tas-IX

YouTube

“Фаоллик, деганда, очиғи, кўпроқ кучимни қайсидир масалага кўпроқ сарфлаётгандирман, камроқ ухлашга тўғри келаётгандир, деган маънода айтмасдим. Фарқли жиҳати шундаки, биз сўнгги пайтда жойларда одамлар билан кўпроқ мулоқотда бўляпмиз. Шунга кўпроқ вақт ажратишимизга тўғри келяпти. Улар (сайловчиларнинг - таҳр.) билан гаплашяпмиз, уларнинг дардини эшитганингиздан сўнг, истайсизми, йўқми, маълум бир вақт ана шу дарднинг аурасига тушиб қоласиз. Ва мана шу ҳолатларни жамоатчиликка етказишнинг усуллари кўпайиб боряпти”, - дейди Кушербаев.

Расул Кушербаевнинг айтишича, депутатларни қийнаб келган масала - ижтимоий тармоқлар орқали ёки бошқа исталган манбалар орқали шахсий фикрларни етказиб бориш, ана шу фикрлар қолипга солинмаган бўлиши долзарб эмасди.

“Жамоатчилик ҳам депутат деганда расмий, китобий тилда ёзилган маълумотларни эмас, оддий, ўзига ўхшаган тилда гапирадиган, халқона тилда маълумотлар бера оладиган, оддий кишини тушунса, деган хоҳиш бор бўлган. Аммо, имконият бўлмаган”, - дейди депутат.

Ўзбекистон Республикаси Президент Шавкат Мирзиёев Парламентга илк мурожаати давомида айнан шу масалага урғу бериб, давлат амалдорлари, сиёсатчиларни ижтимоий тармоқларда фаол бўлишга, халқ билан яқиндан мулоқот қилишга чақирганди. Депутат давлат раҳбарининг чақируви имконсиз шароитларни бор қилганини таъкидлайди.

“Шунинг натижасида, тармоқларда саҳифаларимизни очдик, очиқча ишлашга ҳаракат қилдик. Шунга замин пайдо бўлди. Ким бундан қай даражада фойдаланяпти, бу унинг ўзига ҳавола”, - дейди у.

Депутатнинг таъкидлашича, президент кўп марта парламентни фаол бўлишга чақириб, жамият ривожининг локомотиви бўлиши зарурлигини уқтирмоқда. Бу фикрларни одамлар ҳам тушуниб етяпти, қараяптики, кўп масалаларни ҳал этишда бош бўғин парламент бўлиши керак.

“Одамлар депутатларнинг ваколати бор экан, дея, биздан талаб қилишга ўтяпти”, - деб қўшимча қилади у.

Конституцияда парламентнинг ваколат ва ҳақ-ҳуқуқлари белгилаб қўйилган. Лекин, амалда бундан депутатлар қанчалик фойдаланяпти, деган савол очиқ қолмоқда, деб ҳисоблайди Расул Кушербаев.

“Ўзимнинг фаолиятим мисолида ҳам, бу ваколатлардан тўлиқ фойдаланяпмиз, одамлар кутган натижани қойил қилиб бажаряпмиз, деб айтолмайман. Бунинг сабаблари нима билан боғлиқ, деб сўрасангиз, биз узоқ вақт йўқотганмиз. Парламент кўп вақт ҳақиқатан одамларнинг талабидаги форматда, менимча, ишламаган. Бунга эҳтиёж бўлмаган, ё имконият бўлмаганми, буни билмайман. Ҳозирги фаолиятим давомида тушуниб етганим шуки, парламент энг юқори бўғинда туриб, одамларнинг халқ ҳокимиятчилигини ўрнатиб беришда ёрқин намуна бўлиши зарур. Одамлар ўзининг хоҳиш-истагини ҳокимият орқали, суд тарафлама эмас, айнан парламент орқали етказиш керак. Шу орқали қонунларни қабул қилдириб, бошқариш керак”, - деб фикрлайди депутат.

Унга кўра, кишилар қайсидир орган фаолиятидан қониқмаган тақдирда, шу масалани ҳам парламент орқали кўтариб, назоратга олиши лозим ва парламент бу функцияларни бажариши керак, аслида.

Мавзуга оид