Жамият | 09:16 / 31.12.2018
9647
5 дақиқада ўқилади

«Робототехника мутахассислари фақат Инҳа ва Турин университетларидан чиқаётгани ачинарли ҳолат»​. Ёш мутахассис билан суҳбат

Робототехника ХХI асрда энг жадал ривожланиб бораётган соҳалардан бири ҳисобланади. Ушбу жабҳа яқин келажакда барча тармоқларга кириб, мамлакатлар иқтисодиёти ва саноати қиёфасини тубдан ўзгартириб юбориши ҳам мумкин. Жаҳоннинг қудратли давлатлари аллақачон робототехника имкониятларидан кенг фойдаланиш зарурлигини англаб етишган. Бошқа давлатлар-чи? Унинг қудратини тўғри англамоқдами?

Ўзбекистон учун бу соҳа ҳали очилмаган қўриқ мисоли. Мамлакатда уни оммалаштириш учун нималар қилинмоғи лозим? Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида ташкил этилган Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази директори ўринбосари Акбархон Собирхонов робототехникани ривожлантириш бўйича ўз таклифларини баён этди. 

Унинг айтишича, робототехникадан саноатда фойдаланиш иш унумдорлигини оширади, мануфактурага бутунлай барҳам беради. Таълим соҳасида робототехника қўлланса, болалар атрофлича фикрлаш, мустақил қарор қабул қилишни ўрганиши осон кечади, чунки мураккаб конструкторни ясаш давомида у деталларни қандай жойлаштиришни ўзи мустақил ҳал қилади, техниканинг ишлаш принципини ўрганади, мактабда аниқ фанлар бўйича олган назарий билимларини амалиётда қўллайди.

«Хорижий мамлакатларнинг олийгоҳлари, жумладан, Турин ва Инҳа университетлари фаолиятининг илк давридан робототехника фанлари ўқитила бошланди. Илк мутахассислар айнан шу жойдан чиққан. Хорижлик профессорлар ва ўқитувчилар талабаларга ҳам назарий, ҳам амалий билим бериб келишмоқда. Етарлича шароитда тарбияланган кадрлар айни пайтда робототехника мактабларини очиб, болаларга билим беришмоқда. Шу тариқа робототехника секин-аста оммалашиб боряпти. Лекин биз ҳали уни реал ҳаётда кўришимиз учун катта вазифаларни амалга оширишимиз керак», - дейди ёш мутахассис.

Собирхонов болаларда робототехникага қизиқишни уйғотиш соҳани Ўзбекистонда оммалаштириш йўлидаги асосий қадам бўлишини айтмоқда. Сўнг соҳани ичига кириш осон бўлади, техник вазифалар осон бажарилиши мумкин.

«Болаларнинг эътиборини қандай тортамиз? Бунда мусобақаларни ташкиллаштириш керак. Унда иқтидорлилар ўз ишланмалари билан қатнашади. Беллашувда ғолиблар аниқланиб, муносиб тақдирланиши лозим. Рағбатлантирилган бола ўз устида ишлайди, атрофидаги тенгдошларини ҳам жалб қила олади. Мусобақаларни нафақат, республика, балки минтақа, жаҳон бўйлаб ўтказишимиз қамровимизни кенгайтиришга хизмат қилади. Амалга оширган муҳим қадамларимиздан бири робототехника бўйича илк маротаба International robotics challenge халқаро танловини Тошкентда ўтказганимиз бўлди. Унда 6та давлатдан жами 200 нафарга яқин иштирокчи қатнашди. Энг муҳими, болалар ўз қобилиятларини намойиш этишди ва рақобатдошлари билан тажриба алмашиш имкониятига эга бўлишди. Ушбу чемпионат ноёб платформа вазифасини ўтайди»​, -  дея умид билдиради мутахассис.

Робототехника дарсларини мактабларга жорий этиш вақти келмадимикин? Бу борада Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази директори ўринбосари​ бироз шошмай қарор қабул қилишни маъқул кўрмоқда. 

«Юқорида айтиб ўтганимдек, ҳали қилинадиган ишлар талайгина. Биз тўғридан-тўғри мактабларга кириб боролмаймиз. Кадрлар масаласи энг оғриқли нуқтамиздир. Ҳозирча робототехника ҳақида фақат марказий ҳудудлар хабардор. Олис туманларда эса аҳвол анча оғир. Бунга мутахассислар фақатгина Инҳа ва Турин университетларидан чиқаётганини сабаб қилиб, кўрсатиш мумкин. Бошқа таянч ўқув юрти мавжуд эмас. Шунинг учун робототехника дарсларини бирданига мактабларга жорий қилишимиз салбий натижага олиб келади.

Мутахассислар етишмовчилиги мавжудлиги учун аввалига ҳудудлардаги «Баркамол авлод»​ марказларида бепул тўгаракларни ташкил этганмиз. Ўқувчиларни қамраб олиш учун мактабларда робототехника бўйича тақдимотлар ўтказиб келяпмиз. Шунингдек, робототехника бўйича туман, вилоят, республика ва халқаро олимпиадаларни ташкил қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ғолиб бўлганлар ўз йўналиши бўйича давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиниши жуда катта рағбат бўлиши тайин. Қозоғистонда Робототехника Федерацияси фаолият юритади. Бизда ҳам шундай ташкилот очилса, кенг ваколатлар берилса, ғоялар фақат назарияда эмас, балки реал ҳаётга ҳам татбиқ этилган бўларди»​, - дея соҳадаги камчиликларни санаб ўтди у.

Бу жабҳада қандай муаммолар яққол кўзга ташланмоқда?

Акбархон Собирхонов ривожланиб бораётган соҳа бўйича кадрлар тайёрлашдаги сусткашликдан ташқари, яна бир ҳал қилиниши зарур бўлган масалалардан бири ҳақида гапириб ўтди. 

«Бу - робототехника нималигини халққа тушунтира олиш. Ёшларга унинг имкониятларини тўғри етказа олишимиз керак. Афсуски, ёш инноваторлар орасида робототехниканинг тўла моҳиятини тушунмайдиганлар ҳам бор. Металлдан ясалган, озгина ишлов берилган ҳар қандай техника робот бўлолмайди. Уни ясашнинг ўзига яраша қоидалари бор. Вазифамиз ёшларга тўғри йўналиш бериш, уларнинг қобилиятини янада ривожлантиришга кўмаклашишдир. Ёшларга мактаб ёшиданоқ робототехника сирларини ўргата олсак, менимча, шу каби муаммоларга самарали ечим топган бўламиз ва кўплаб соҳаларда мислсиз натижаларга эриша оламиз», - дейди у.​

Муҳаббат Маъмирова

Мавзуга оид