Ўзбекистон | 13:16 / 31.12.2018
9483
8 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2018 йил сарҳисоби ва келгуси йилдаги устувор вазифалар бўйича маълумот берди

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов соғлиқни сақлаш тизимида 2018 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда келгуси йилда бажариладиган вазифалар борасида маълумот берди.

Вазирнинг билдиришича, кейинги икки йил ичида бу йўналишда 130 дан зиёд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Уларда белгиланган вазифалар босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилиши натижасида аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария, шошилинч ва тез тиббий ёрдам, ихтисослаштирилган хизматлар такомиллашмоқда. Бундай кенг қамровли чора-тадбирлар туфайли аҳолининг ўртача умр кўриш кўрсаткичи узаймоқда. Оналар, болалар ўлимининг олдини олиш, касалликларни барвақт аниқлаш, оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантиришда сезиларли натижаларга эришилмоқда.

2018 йилда соҳага 9,6 триллион сўм йўналтирилди, бу 2017 йилдагига қараганда 1,4 баробар кўпдир. Давлат тиббиёт ташкилотларини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш ҳам яхшиланаяпти. 2018 йилда бу мақсадларга 914,6 миллиард сўм, яъни 2017 йилга нисбатан 2,5 баробар кўп маблағ ажратилди. Жорий йилда 382 та тиббиёт объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари жадал олиб борилди. Бунинг учун давлат бюджетидан 1,2 триллион сўм маблағ йўналтирилди. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ҳамда “Саломатлик-3” лойиҳаси доирасида ҳам қатор инвестиция дастурлари амалга оширилди.

2019 йилда Давлат ривожлантириш дастури доирасида 231 та иншоотда 972 миллиард сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари олиб борилиши режалаштирилган.

Шадмановнинг маълум қилишича, юқумсиз касалликлар мамлакатимиз аҳолиси саломатлиги кўрсаткичига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмаяпти. Маълумотларга кўра, камҳаракатлилик ва нотўғри овқатланиш оқибатида Ўзбекистон аҳолисининг ярми ортиқча вазнга эга, одамларимизнинг 46 фоизида қон таркибида меъёридан ортиқ холестерин мавжуд, 31 фоизида қон босими юқори. Юртимизда деҳқончилик маҳсулотлари мўл-кўл етиштирилса-да, аҳоли кундалик овқат рационида мева-сабзавот истеъмоли етарли эмас. Ушбу муаммолар туфайли Ўзбекистонда йиллик ўлим ҳолатларининг 78 фоизи айнан юқумсиз касалликлар улушига тўғри келмоқда.

2019 – 2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш Концепцияси ва чора-тадбирлар Дастури тасдиқланди. Унга мувофиқ, юқумли бўлмаган касалликлар ва уларнинг хавф омилларига қарши курашиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, саломатликка салбий таъсир этувчи ичиш, чекиш каби зарарли одатларга қарши курашиш, аҳолининг тиббий маданиятини ривожлантириш, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва оммавий спорт ҳаракатини тиббиёт профилактикаси билан уйғунлаштириш билан боғлиқ муҳим лойиҳалар амалга оширилади.

Шошилинч тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш мақсадида охирги икки йил ичида 1450 яқин янги автотранспорт харид қилинди. Жумладан, 91 та “Nissan”, 140 та “Hyundai”, шунингдек, гуманитар ёрдам сифатида жойларга 50 та “Tоyota” етказиб берилди. 231 та тез ёрдам машинаси замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.  

Шунингдек, тез тиббий ёрдам хизматини дори-дармон ва тиббий буюмлар билан таъминлаш уч баробарга ошди. Яъни бугунги кунда ҳар бир чақириқ учун минимал харажатлар 5000 сўм миқдорида белгиланди. Бу кўрсаткич 2016 йилда 748 сўмни, 2017 йилда 1627 сўмни ташкил этарди.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси тузилди. 2019 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар дастури ҳамда тез тиббий ёрдам хизмати фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг намунавий индикаторлари тасдиқланди. Тез тиббий ёрдам хизматини авиация техникаси билан жиҳозлаш ҳам кўзда тутилган.

Бундан ташқари, аҳоли чақирувларини автоматик белгилаш каби вазифани бажариш мақсадида тез тиббий ёрдам бошқармасининг автоматлаштирилган тизимини яратиш, Сall марказларни халқаро талабларга кўра тўлиқ жиҳозлаш, тиббиёт ходимлари етиб келгунга қадар ва шифохонагача бўлган босқичда тиббий ёрдамни такомиллаштириш билан боғлиқ чора-тадбирлар амалга оширилаяпти.

Вазирнинг эътироф этишича, ҳозирда мамлакатимизда тиббиёт соҳаси учун 7 та олий тиббий таълим муассасаси ва уларнинг 4 та филиалида малакали кадрлар тайёрланмоқда. 2017 йили Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиали, 2018 йили Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиали очилиши ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш имкониятларини кенгайтирди. 2018 йил тиббий олий таълим муассасаларини бакалавриат йўналиши бўйича 2000 нафар талаба тугатиб ишга йўлланма олган бўлса, 4395 нафар йигит-қиз талаба бўлиш бахтига мушарраф бўлди.

Бундан ташқари, нафақага чиқиб иш фаолиятини давом эттираётган шифокорларга 2017 йилдан бошлаб пенсия пули тўлиқ тўлаб берилаяпти. Илгари бундай мутахассислар иш фаолиятини давом эттирган тақдирда пенсия пулининг ярмини оларди. Қолаверса, шифокорлар икки ставкада ишлашига шароит яратилди.

Натижада Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Андижон, Сирдарё вилоятларида умумий амалиёт шифокорига бўлган эҳтиёж тўлиқ қопланди. Қолган ҳудудларнинг ҳам бу борадаги эҳтиёжи 2019 йил битирувчилари ҳисобидан қопланади. Бирламчи тиббиёт муассасаларидаги тор мутахассислар етишмовчилиги клиник ординатура, магистратура, қисқа муддатли қайта тайёрлов курслари битирувчилари ҳисобига 2020 йилгача тўлиқ бартараф этилади.

Ҳозирда мамлакатимиз тиббиёт олий ўқув юртлари ва хориждаги нуфузли тиббий таълим марказлари ўртасида 220 та ҳамкорлик шартномаси имзоланган. Натижада биргина Тошкент давлат стоматология институтида жорий йилнинг ўзида 2 та халқаро факултет очилди.

“Францияда тиббиётни ислоҳ этиш 60 йил давом этган бўлса, Корея Республикасида бунга 40 йил вақт сарфланган. Туркия эса бошқа мамлакатлар тажрибасидан етарли ибрат ва хулоса олиб 10 йилда тиббиётини “изга туширган”. Биз дунёдаги ана шундай илғор тажрибаларни чуқур ўрганиб ва миллий тажрибамиздан келиб чиқиб, 7 йил муддатда, яъни, 2019 – 2025 йилларда соғлиқни сақлашни тубдан ислоҳ этишдек улкан мақсадни олдимизга қўйдик”, дейди Алишер Шадманов.

Унинг маълум қилишича, бирламчи тиббий профилактика хизматини ривожлантиришга устувор аҳамият берилади. Унга мувофиқ, тиббий профилактика ва касалликларни эрта аниқлаш ишлари янги босқичга кўтарилади. Бундан ташқари, даволаш ва диагностика стандартларини янгилаш, клиник протоколларни жорий этиш, далилларга асосланган тиббиёт тамойилларини амалиётга кенг татбиқ этиш, микрохирургия, робот хирургияси, нуклеар тиббиёт, тиббий генетика соҳаларидаги жаҳон тиббиётининг энг сўнгги ютуқларини мамлакатимиз тиббиётига жорий этишга асосий эътибор қаратилади.

Жаҳон стандартлари асосида менежмент ва тиббий хизматлар сифатини бошқаришнинг энг намунали амалиётларини жорий этиш учун соғлиқни сақлаш тизимига “кластер” модели татбиқ этилади.

Концепцияга мувофиқ, 2019 йил 1 апрелдан айрим туманлардаги тиббиёт муассасаларида жаҳон тиббиётидаги энг илғор амалиётлардан бўлган киши бошига молиялаштириш бўйича тажриба-синов ишлари бошланади. Ушбу эксперимент чуқур таҳлил этилиб, ижобий натижалар 2020 йил 1 апрелдан бошлаб бошқа ҳудудларга ҳам татбиқ этилади.

Шунингдек, стационар соғлиқни сақлаш муассасаларида аралаш молиялаштириш механизмларини қўллаш, айрим даволаш-профилактика муассасаларини инвесторларга ишончли бошқарувга бериш, электрон соғлиқни сақлаш тизимини кенг жорий этиш, 2021 йил 1 январдан мажбурий тиббий суғурталаш босқичма-босқич жорий этиш каби вазифалар ҳам белгилаб қўйилган. Жумладан, 2019 йил 1 июлга қадар “Мажбурий тиббий суғурталаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқиши режалаштирилган.

Келгусида оналик ва болаликни муҳофазалашга йўналтирилган тадбирларни ташкил этишда эса бирламчи тизимдан тортиб тиббиётнинг юқори бўғинларигача ўзаро маълумот алмашиш тизимини такомиллаштириш, замонавий скрининг дастурларини жорий этиш, ихтисослашган тиббий ёрдамни аҳолига яқинлаштириш борасида кенг қамровли лойиҳалар амалга оширилади.

Хусусий тиббиётни янада ривожлантириш, соҳага инвестицияларни кенг жалб этиш учун қулай шароит яратиш алоҳида эътиборда бўлади. Бундан ташқари, электрон соғлиқни сақлаш тизимини кенг жорий ҳам режалаштирилган бўлиб, электрон тиббиёт картаси, электрон касаллик тарихи ва телемедицина каби йўналишлар уч босқичда амалга оширилади.

Мавзуга оид