20:22 / 31.12.2018
14374

Йил баҳси: «Мажбурий обуна»ни ҳимоя қилган матбуот ва танқид қилган интернет 

2018 йилда мажбурий обуна масаласи интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда жуда кўп муҳокама қилинган мавзулардан бири бўлди.

Тўғриси, бу мавзуда ўзбек журналистлари гўёки иккига бўлинди. Босма матбуот вакиллари газеталарга обуна доимгидек, маъмурий ричагларни қўллаб, мажбурлаб ўтказилиши кераклигини айтишса, интернет сайтлари журналистлари мажбурий обунага чек қўйиш лозимлигини таъкидлашди. Телевидение, радио вакиллари бу баҳсга аралашмасдан уни жим кузатишди, холос.

Очиғини айтиш керак, бу баҳс журналистлар ўртасида турли тушунмовчилиг-у айрим кескинликларни келтириб чиқаргани ҳам бор гап. Ўртадаги аҳилликка бироз путур етгандек ҳам бўлди. Айрим ижтимоий тармоқларда очиқча тортишувларга шахсий қарашлар ҳам аралашганига гувоҳ бўлдик. Мажбурий обунани танқид қилган интернет сайтлари журналистлари обуна мавсумида газеталар таҳририятларининг кўзига «катта душман» бўлиб кўринди.

Матбуотда ҳам, интернет сайтларида ҳам фаолият юритаётган журналистларга бироз қийин бўлди. Фикр билдириш қайси бир томон учун «қурбон» бўлиш билан баробар эди. Ҳа, аслида ҳам шундай бўлди. Интернет сайтларида мақолалари эълон қилиниб турган матбуот соҳаси вакилларининг айримлари бу баҳс ортидан жабр ҳам кўрди. 

Баҳс шу даражага бориб етдики, баъзи халқаро сайтларда мажбурий обуна масаласи ёзилса, маълумот эълон қилинса, айбни айнан интернет сайтларига мақола ёзиб турадиган матбуот соҳаси вакилларига «ичимиздаги душман» қабилида очиқчасига ағдариб ҳам қўя қолишди. 

Икки томон ҳам обуна мавсумида ўз фикрларини етарлича асослади. Бугунги кунга келиб эса «ғалвир сувдан кўтарилди». Мавсум давомида мажбурий обунага тўлиқ чек қўйилди, деб айтиб бўлмайди. Айрим мансабдор шахсларга шу масала ортидан чоралар ҳам кўрилди. Баъзи таҳририятлар эса турли мукофотлар эвазига газета обунасини ташкил қилишди.

Хўш, якунда аҳвол нима бўлди? Тан олиб айтиш керак, марказий ва вилоят ҳокимликлари нашрлари «амаллаб» ўзларини қониқтирадиган ададга эга бўлишди. Аммо кўпгина тармоқ ва туман газеталарида аҳвол ачинарли. Айримларининг обунадан тушган маблағи йиллик харажатларига ҳам етмайди. Айримлариники эса бутунлай оғир аҳволда. 

Балки шундай бўлгани ҳам тўғридир. Энди фақат обуна учун эмас, газета савиясини кўтаришга ҳаракатлар бошланади. Савияли газета учун эса мажбурий обуна шарт эмас. 

Бу даврни газета нашрлари учун ўзига хос «ўтиш» даври деб атаган маъқул. Сараги саракка, пучаги пучакка чиқади.

Айни даврда энг тўғри йўл нашрларни ҳам газета, ҳам онлайн ҳолатига ўтишидир. Барча нашрлар ўз сайтларига эга бўлиши энг мақбул йўл. Шу йўлдан бораётган нашрлар ҳам талайгина. Тўғри, республиканинг барча ҳудудида интернет орқали янгиликлардан хабардор бўлиш имконияти йўқдир, аммо бундай жойларга газета етиб боради. Яъни нашрлар ўқувчи қандай хоҳласа, хабарларни шундай кўринишда тақдим эта олиши керак. Онлайн ўқувчиларга мана сайт, газета ўқувчиларга эса марҳамат, дея газета тутқаза олиши керак. 

Туманларда газета обунаси оғир аҳволда қолаётган бўлса, уларни маҳаллий бюджет ҳисобидан таъминлаш энг тўғри ечим. Сабаби, ҳеч қайси туман ҳокимлиги ўз нашри ёпилиб кетиши, туман ўз газетасисиз қолишини истамаса керак. Сифат бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда саноқда бўлиб туради.

Газеталарни ўз вақтида етказиб бериш масаласи эса алоҳида мавзу. Бу жараёнда ҳам яқин вақтда «инқилоб» бўлиши шубҳасиз, худди мажбурий обуна масаласидек.

Бу мавзуда яна кўп фикрлар айтишдан йироқман. Обуна мавсуми даврида менимча, икки томондан ҳам барча фикрлар айтилди.

Матбуот учун шундай «ўтиш даври» қачондир барибир бўлиши керак эди. Буёғига матбуот ривожланишнинг янги босқичига қадам қўйган бўлса, ажабмас. 

Муҳими, бундан фақат ўзбек журналистикаси ютади. 

Бардошбек САМАД ўғли.

Мавзуга оид
Top