Осиё Кубогида симуляция билан ўйин вақтини чўзганлик учун алоҳида жазо белгиланди
Ўзбекистон термаси Осиё Кубоги учун БААга етиб борганининг иккинчи кунида жамоа аъзолари ва мутасаддилари ҳамда ОФК вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Терма жамоа жойлашган меҳмонхонада бўлиб ўтган йиғилишда ОФКнинг Дубайдаги «Rashid stadium» ўйингоҳи бўйича бош координатори Суминори Гоко; мусобақаларни ўтказиш бўйича менежер Ҳованд Масъуд, Лоренцо Фофи; маркетинг бўйича менежер Кью Сяо; медиа-департамент вакили Лаура Родригес Рей, Аълобайди Зиёд Муҳаммад ҳамда ўзбекистонлик ФИФА ва ОФК инструктори Фарҳод Абдуллаев қатнашишди, деб хабар бермоқда ЎФА матбуот хизмати.
Дастлаб, Суминори Гоко Ўзбекистон термасини мусобақада кўришдан мамнун эканини билдириб ўтар экан, жамоага Осиё Кубогида омад ёр бўлишини тилади. Шундан сўнг мусобақа давомида жамоа аъзолари қатнашиши керак бўлган барча расмий тадбирлар ҳақида маълумот бериб ўтди.
Шундан сўнг ФИФА ва ОФК инструктори Фарҳод Абдуллаев Осиё Кубоги мусобақаси давомида футболчилар аҳамият қаратиши керак бўлган қонун-қоидаларга тўхталиб ўтди; футбол ўйини қоидаларига киритилган баъзи ўзгаришлар ҳақида мураббий ва футболчиларни хабардор қилди.
Жумладан, Фарҳод Абдуллаевнинг маълум қилишича, Осиё Кубоги чорак финалига қадар учрашувларда майдон ортидаги ҳакамлар хизматидан фойдаланилади. Чорак финалдан бошлаб эса улар ўрнига VAR тизими ишлайди.
Бундан ташқари, Осиё Кубогида симуляция ишлатиб ўйин вақтини чўзган ва рақибини қўли билан ушлаб, тортиб қолган футболчининг хатти-ҳаракатлари учун терма жамоа 1000 АҚШ доллари миқдорида жарима тўлайди. Ҳаводаги тўп учун курашда қўлларини ишга солиб, ҳакамга билдирмасдан рақиб юзига зарба йўллашга уринган футболчиларнинг ҳаракатлари ҳам қатъий тарзда жазоланиши бўйича ҳакамларга топшириқ берилгани маълум бўлди.
Фарҳод Абдуллаев қисқа видеороликлар ёрдамида мураббий ва футболчиларга ўйиндаги вазиятларни намойиш қилиб, ҳакам томонидан жазоланмаслик учун нималарга аҳамият қаратиш кераклиги ҳақида тушунча бериб ўтди.
Йиғилиш якунига етгандан кейин Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари иштирокида фото ва видеосессия уюштирилди. Учрашувлардан аввал майдондаги таблоларда таркиб таништирилаётганда намойиш этиладиган видеолавҳалар ва гол киритилган вазиятларда қўйиладиган роликлар учун суратга олиш ишлари ташкил этилди.
Бундан ташқари, жамоа менежерлари ва делегация расмийлари учун яна алоҳида митинг бўлиб ўтди. Ушбу митингда ЎФА Терма жамоалар департаменти директори Шарофиддин Ҳожиниёзов, Халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи Диёр Исаметдинов, Халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Олим Арифов, ЎФА Матбуот хизмати бошлиғи Ёқубжон Бобожонов, терма жамоа маъмурлари Сарвар Тожиев ва Шукрулло Ашуровлар қатнашишди.
Ушбу митинг давомида терма жамоа аъзоларининг машғулот ўтказиш, ўйинга келиш ва кетиш тартиби, ўйиндан аввалги ва кейинги матбуот анжуманлари, флеш-интервьюлар ва бошқа расмий тадбирлар бўйича муҳим маълумотлар бериб ўтилди. Миллий терма жамоа футболчилари ва расмийлари учун ОФК томонидан тайёрланган аккредитациялар тақдим қилинди.
Шифокорлар учун ташкил этилган митингда Ўзбекистон МТЖ бош шифокори Аброр Пирриев ҳамда шифокор ва массажчи ходимлар қатнашишди. Уларга ҳам ўйин давомида амал қилиш зарур бўлган қонун-қоидалар бўйича маълумотлар бериб ўтилди.
Мавзуга оид
10:17 / 17.04.2024
Ўзбекистон U-23 жамоасининг Осиё Кубоги учун якуний таркиби эълон қилинди — Файзуллаев ва Ҳусанов бор
19:15 / 11.02.2024
Йиғлаган қизалоқ, финалга келган Инфантино — Қатар Иорданияни мағлуб этган баҳсдан фотожамланма
09:44 / 26.01.2024
Осиё Кубоги гуруҳ босқичи якунлари. Қандай сюрпризлар бор?
18:34 / 23.01.2024