Спорт | 22:40 / 30.01.2026
649
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон футзал миллий жамоаси Осиё Кубогида Австралияни мағлуб этди

С гуруҳининг 2-тур ўйинида ўзбекистонликлар иродали ғалабага эришди ва гуруҳдан чиқиш имкониятини сақлаб қолди.

Индонезияда футзал бўйича Осиё Кубоги давом этмоқда.

Ўзбекистон миллий жамоаси C гуруҳи 2-турида Австралия билан ўйнади ва 0:2 ҳисобида ютқазаётган бўлишига қарамай, якунда 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Гуруҳнинг яна бир ўйинида Япония футзалчилари Тожикистонни 3:0 ҳисобида мағлуб этди.

Бу натижалардан сўнг, Япония 6 очко жамғариб, гуруҳдан чиқиш масаласини ҳал қилди. Ўзбекистон ҳисобида 4, Тожикистонда 1 очко бор. Австралия – очкосиз.

Якуний тур 1 феврал куни бўлиб ўтади ва Ўзбекистон – Япония, Тожикистон – Австралия ўйинлари ўтказилади. Ўзбекистонни дуранг натижа ҳам қониқтиради.

Осиё Кубогида 16 та миллий жамоа 4 та гуруҳга ажратилган ҳолда иштирок этмоқда. Гуруҳларда 1- ва 2-ўринни эгаллаган жамоалар плей-офф босқичига чиқади. Ушбу Осиё Кубогида футзал бўйича жаҳон чемпионати йўлланмалари ўйналмайди.

Футзал бўйича Осиё Кубоги 1999 йилдан буён ўтказилмоқда. Унда фақат икки миллий жамоа ғолиб бўлган – Эрон (13 марта) ва Япония (4 марта). Ўзбекистон футзалчилари 4 марта кумуш ва 6 марта бронза медалларини қўлга киритган.

Футзал бўйича Осиё Кубоги
30 январ, Жакарта (Индонезия)
С гуруҳи, 2-тур

ЎЗБЕКИСТОН – АВСТРАЛИЯ 4:2
Голлар: Анасхон Раҳматов 9, Ихтиёр Ропиев 11, Илҳом Ҳамроев 19, Музаффар Аҳаджонов 37 – Жиден Ҳарб 7, 8

Ўзбекистон (дастлабки бешлик): Аббос Элмуродов, Ихтиёр Ропиев, Илҳом Ҳамроев, Элбек Тўлқинов, Шаҳрам Фахриддинов.

Захира: Шавкат Ибрагимов, Анасхон Раҳматов, Аброр Аҳмедзянов, Сунатулла Жўраев, Акбар Усмонов, Хайрулло Солиҳов, Музаффар Аҳаджонов, Элдор Нигматов, Самариддин Беркинов.

Австралия (дастлабки бешлик): Ноа Феилич, Доминик Кокс, Ваде Жиовенали, Грант Линч, Итан Де Мело.

Захира: Аарон Ю, Тилер Гарнер, Сезар Касадо Рубио, Жордан Геррейро, Скотт Роган, Адам Стюарт Купер, Жиден Ҳарб, Майкл Кута, Жейми Диб

Футзал, Осиё Кубоги, Ўзбекистон футзал миллий жамоаси

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид