Бир йил аввал - 2018 йилнинг 27 январь куни Швециянинг Эльмхульт шаҳрида Ингвар Кампрад 91 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Ингвар Кампрад — нафақат оддийлик тимсоли бўлган IКЕА брендини яратган, балки ўз бизнесини юритиш бўйича мураккаб схемани яратган инсон сифатида ҳам ёдда қолган, дейилади Forbes'да.

Ингвар Кампрад 1926 йилнинг 30 мартида Швеция жанубидаги Смоланд провинциясида дунёга келди. Бўлғуси миллиардер эрта болалигида дислексияга йўлиққан бўлишига қарамай, гугурт сотиб, ўзида тадбиркорлик хислатлари борлигини кашф қила бошлади. Бола чегирмага улгуржи харид қилинган гугуртларни қўшниларга доналаб сотса, бироз пул ишлаб олиши мумкинлигини англаб етган. Шундан кейин Кампрад кўп товарлар билан савдо қилган: мевалар, уруғлар, балиқ, янги йил безаклари, канцтоварлар... Савдо шунингдек почта каталоглари орқали ҳам юритилар эди. 1943 йилда 17 ёшга тўлганида Кампрад IKEA компаниясига асос солди. Илк икки ҳарф (IK) — бу тадбиркорнинг исми шарифи бош ҳарфлари, кейингилари (EA) Elmtaryd оилавий фирмаси ва Agunnaryd номларидан келиб чиққан. Беш йилдан кейин Кампрад ўз каталогига маҳаллий ишлаб чиқарувчилар мебелини қўшди. Унга бўлган талаб ишбилармонни шу қадар таъсирлантирдики, тез орада у бутунлай уй учун товарлар билан савдо қилишга ўтди.

IKEA эффекти

Бизнес ўсиб, Кампрад ходимлар ёллади. Улардан бири — Свен Гёте Ханссон — ажойиб ғоя таклиф қилди: шоурум яратиш ва унда мебелларни намойиш қилиш. Шу тариқа Эльмхульт шаҳридаги эски устахона биносида биринчи IKEA маркази пайдо бўлди. Кампрад аста-секинлик билан бегона мебеллар савдосидан узоқлашди, IKEA ўз ишлаб чиқаришини йўлга қўйди, ўзи дизайн ишлаб чиқди.

IKEA ходимларидан бири жойлаш ва мижозга етказиш керак бўлган стол оёғини ечаётиб, ажойиб ғояни ўйлаб топди. Машҳур йиғилувчи мебель шу тариқа ихтиро қилинди, бундай мебель етказиб беришда кўп жой олмаслиги ва тежаш имконини бериши билан кўпчиликка маъқул келди. Харидорларнинг ўзларига мустақил равишда мебель йиғишни таклиф қилиш ғояси ҳам аксарият орасида оммалашди. Биринчидан, бунда IKEA учун йиғиш нархи қисқарар эди. Боз устига, Ингвар ўзи англамаган ҳолда одамларнинг муҳим психологик хусусиятини кашф қилди, кейинроқ олимлар буни «IKEA эффекти» деб аташди.

Маълум бир товар ёки хизматга эга бўлиш учун истеъмолчидан қанча кўп саъй-ҳаракат керак бўлса, улар шунча қадрлидек туюлади.

Бу эффект коммерцияда муваффақиятли қўлланади: шундоқ ҳам қимматбаҳо Hermes сумкасини сотиб олиш учун навбат кутиш, Лондон ёпиқ клублари қаторига кириш учун унинг икки иштирокчисидан тавсиянома олиш зарурати, йиғилиши керак бўлган Lego тўпламлари ва, албатта, IKEA мебели.