Иқтисодиёт | 13:00 / 04.01.2019
24628
2 дақиқада ўқилади

«Яширин иқтисодиёт»ни қандай қилиб камайтириш режалаштирилгани маълум бўлди

Фото: Shutterstock

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси тақдим этилди.

Ҳужжат билан “яширин иқтисодиёт” салмоғини иқтисодий усулларни ишлатган ҳолда қисқартириш мўлжалланмоқда. Хусусан, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Лойиҳа билан “яширин иқтисодиёт”  омилларини соҳалар ва тармоқлар кесимида таҳлил қилиб, уни камайтириш юзасидан чора-тадбирлар дастури тасдиқланади. Дастурда:

иқтисодий фаолиятни легаллаштириш юзасидан норматив-ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш;

импорт қилинган товарлар ҳисоботларининг электрон тарзда шаклланишини таъминлаш;

айрим товарлар учун идентификация маркировка қилишнинг ягона тизимини жорий этиш ва солиқ органлари томонидан маҳсулотни ҳисобга олишнинг электрон базасини яратиш;

электрон тижорат фаолиятини қонунийлаштириш ва назорат қилиш механизмини жорий этиш;

нақд пулсиз ҳисоб-китобни рағбатлантириш механизмини ишлаб чиқиш, шу жумладан кўчмас мулк объектлари ва автотранспорт воситалари олди-сотдиси ва бошқа йирик миқдордаги битимлар бўйича ҳисоб-китобларни банк орқали амалга ошириш учун қулай шароит яратиш;

тадбиркорлар фаолиятига давлат идоралари томонидан ноқонуний аралашув ҳолатларига қатъий йўл қўймаслик;

давлат органлари ишида шаффофлик ва очиқликни таъминлаш назарда тутилади.

Бажариш муддати - 2019 йил 1 апрель, ижро учун масъуллар - Давлат солиқ қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Бош прокуратура, Давлат божхона қўмитаси, Молия вазирлиги, Марказий банк, “Ўзстандарт” агентлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти парламентга мурожаатномасида янги солиқ концепцияси ҳақида гапириб, қора бозорда иш қиладиганлар қаттиқ жазоланишини айтганди.

Мавзуга оид