2 январь куни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида давлат органлари вакилларининг айрим тадбиркорлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Таклиф этилганлар орасида таниқли бизнесмен, Korzinka.uz тармоғининг асосчиси ва раҳбари Зафар Ҳошимов ҳам бор эди, у учрашув ҳақида ўз фикрларини баён этиб ўтди.
Молия вазирлигида жуда муҳим учрашув бўлиб ўтди.
Молия вазирлиги, Солиқ қўмитаси раҳбарлари ва давлатимизнинг бошқа иқтисодий ҳамда молия ташкилотлари раислари тизимли чакана савдонинг солиққа тортишнинг янги тизимига ўтказилиши жараёнини муҳокама қилиш учун йиғилишди. Молия вазири учрашув аввалида солиқ ислоҳотининг қабул қилинган чора-тадбирлари ва принциплари тўғрисида қисқача гапириб ўтди. У, шунингдек, ўтмишда давлат солиқ сиёсати асоси сифатида қурилган йўлнинг охири бўлмагани, имконсизлигини таъкидлар экан, айни дамдаги солиқ сиёсатида амалга оширилган янгиликларни асослаб берувчи бир қатор омилларни санаб ўтди, давлат органлари фаолиятида мамлакат иқтисодиётига тааллуқли барча масалаларда ўсиб бораётган очиқлик, шаффофликни қайд этди.
Агар ёдингизда бўлса, 2018 йил якунлари бўйича яқиндагина ёзган постларимнинг бирида ҳам ана шу макроиқтисодий ҳамда статистик маълумотларнинг шаффофлиги ва очиқлигини ҳам ўтган йилда эришилган натижалар сафига киритган эдим.
Менимча, бундай учрашувдан кўзланган асосий мақсад, биринчи галда, тадбиркорлардан янгилик ва ўзгаришларни жорий этиш жараёни қандай бошланганини билиш, бозор ҳамда истеъмолчиларга вазият тўла назоратда эканлиги хусусида ўзига хос ишончли бир белги беришдан иборат эди.
Аксарият муштарийларимизга аёнки, таркибида ҚҚС нархи қайд этилган касса чеклари кеча ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларнинг марказида турди.
Кўпчилик фойдаланувчилар шошма-шошарлик билан буни нархларнинг устига яна 20% қўшилиши, деб хато фикр юритишди.
Кеча бизнинг харид чекларимиз мазкур виртуал муҳокамаларда қайд этилмаганига қарамасдан (тармоғимиз дўконлари кеча ишламади, ходимларимизга бир кунлик ҳордиқ бердик. Бунинг устига маҳсулотларнинг нархлари таркибидаги ҚҚС кўрсатилган қаторни ҳали чекларимизда жорий этмадик), чакана савдодаги ҳамкасбларимиз ҳимояси учун бир қанча омилларни келтиришни лозим топдим.
Кеча чекларни кўриб, шахсан ўзим шаҳримиздаги бир қанча супермаркетларни (бизнинг супермаркетларимиз ишламаганини яна бир бор ёдга солсам) айланиб чиқдим. Харид қилиб, чек ҳамда нарх ёрлиқларидаги нархларни текширдим. Чекларда ҚҚС билан биргаликда инобатга олинган нархлар кўрсатилган бўлишига қарамасдан, маҳсулотларнинг умумий қиймати, шу жумладан, ҚҚС ҳам бир тийинга ошмаган эди. Харидорларнинг ўзлари ҳам бунга осонгина ишонч ҳосил қилишлари мумкин. Барча нарх ёрлиқларида нарх ўрнатилган сана мавжуд. Шу тариқа, пештахталарда нархи билан кўрсатилган ушбу маҳсулотларнинг барчаси октябрь, ноябрь ва декабрь саналарида қайд этилган. Мен саналар билан бирга кўрсатилган юздан ортиқ нарх ёрлиқларини кўздан кечирдим. Чакана савдода нархлар ўсмаганига амин бўлдим.















