«Captiva'ни сувенир қилиб, уйга олиб қўйганман». Мирзиёевдан совға олган тожикистонлик деҳқон билан суҳбат
Тожикистон Республикаси, Турсунзода туманида 73 ёшни қаршилаган Неъматжон ҳожи ота 165 нафар миришкорнинг бошини бирлаштириб, катта фермер хўжалиги ташкил этган. Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти чегарасидан 15 км узоқликда жойлашган узумзорда ҳамма - Боғдорчилик институти талабалари, узоқ-яқиндан ташриф буюрган сайёҳлар, мамлакат раҳбари Имомали Раҳмон, ҳатто, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам меҳмон бўлган.
Деҳқоннинг айтишича, узумчилик билан шуғулланиб, иш бошлаган деҳқонларнинг келиб чиқиши Фарғона водийсидан бўлиб, уларнинг кўпчилиги советларнинг тоталитар режимидан паноҳ қидириб, шу ерларга келиб қолган.
«Туманда тўрт-беш водийлик оила томорқаларда узум қилишарди. 15-20 сотих томорқа бўларди, кичик ҳосилдан ортгани бозорга чиқарилган. Даромад яхши бўлиб, одамлар томорқада узумчилик билан шуғулланишни бошлаган. Вақт-соати келиб, катта ерлар берилди. Энди хўжаликлар тузиб, ерга ишлов бериш тадбирлари замонавийлашди, техникалар ўзгарди, одамлар ишнинг сирини эгаллай бошлади», - деб гап бошлади Неъматжон ҳожи Усмонов.
Ўзбекистон раҳбари «Ватан» деҳқон хўжалиги раҳбари бўлган бу кишига автомашина туҳфа этганди.
«Captiva'ни сувенир қилиб, уйга олиб қўйганман. Президент Сурхондарёга келса, албатта, бориш ниятим бор. Водийга илгари кам борганмиз, чунки иложи йўқ эди. Йўл очилгандан сўнг, бир марта бордим. Қариндошларни кўрдик. Ота-боболаримни таниган кишилар ўтиб кетган, ёшлар бизни кўрмаган. Баъзилар билан қуда-андачилик қиламиз, шу хонадонларга борилади», - дея яхшиланаётган дўстлик алоқаларини олқишлайди у.
Хўжалик Тожикистондаги Қишлоқ хўжалиги институти билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Шунингдек, мамлакатда Боғдорчилик институти бўлиб, улар билан ҳам ҳамкорлик қилинади. Институт талабалари бу ерга иш ўргангани, тажриба учун келишади.
«Ёш ўқитувчиларни олиб келишади. Ўзим яқиндагина Сўғд вилоятига бориб, 5та туманда фермер-деҳқонларга семинарлар ўтиб бердим», - деб айтган у.
Фермер хўжаликнинг 105 гектар ер майдонига отанинг ўғли Расулжон раҳбарлик қилади.
«Мен бош директорман», - деб кулади ота.
«Иккинчи хўжалигимиз эса 25 гектар ер билан «Ватан» деб аталади. У ерда, асосан, кўчатчилик билан, шунингдек, токчилик, полиз экинларини етиштириш билан шуғулланамиз. Талабга жавоб берадиган, ташишга қулай, серҳосил ва ширин таъмга эга, иқлимга чидамли узумларнинг 5-6 тури етиштирилмоқда», - дейди фермер.
Маълум қилинишича, Турсунзода туманида 3 минг гектардан ортиқ майдонда узумзор ташкил этилган. Бу майдонларда етиштирилган ҳосилнинг 30 фоизи ички бозорни таъминлашга етади. Узум ҳосилининг қолган қисми Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Афғонистон ва Покистонга экспорт қилинади.
«Мамлакат бўйича мавжуд ерлар аҳолига тақсимланган. Ер эгалари деҳқон хўжалиги ташкил этиб, якка меҳнат қилиши ёки катта хўжаликка бирикиб, жамоавий ишлаши мумкин. Катта хўжаликка бирикканлар ўз ерида ишлайди, ўша ердан ҳосил олади. Унга бириккан аъзолар акционердек гап. Масалан, 1 гектар ердан 30-35 тонна узум ҳосили олинса, ишлаб топилган пул умумий ҳисобга туширилади. Даромаднинг 10 фоизи ишчиларнинг ўзига маош сифатида тарқатилади. Шу пуллардан солиқлар тўланади. Хўжалик даромадидан техникаларни яхшилаш, сув чиқариш амалга оширилади. Умумий даромадларимиз ҳисобидан 3 км йўлни асфальт қилиб, атрофни ободонлаштирдик. Кам таъминланган оилаларга ёрдам қилинади. Қишлоқ кўчаларини ёритиш, маорифга ёрдам қилиш масалалари ҳам умумий даромадларимиз ҳисобидан бажарилади. Бизда меҳнат муҳожиротида юрганлар йўқ, қишлоқдагилар шу ерда иш билан таъминланган», - дейди у.
Боғни ташкил этиш ишлари 90-йиллар сўнггидан бошланди. Неъмат ҳожи Усмонов раҳбарлик қилаётган хўжалик эса 2011 йилда ташкил этилган.
«Маҳсулотни сақлаш учун 600 тонна сиғимли музхона мавжуд. Кузга бориб деҳқонлар ўйланиб қолади: об-ҳавога қараса, табиат қовоқ уйган, ҳосилни бирдан йиғиб, сотиш имконсиз. Шунинг учун, катта сиғимли совуткичларни қуриш даромадни янада оширади. Ҳосилни қайта ишлашни энди йўлга туширяпмиз. Биз етиштирган узумнинг баъзи турларидан яхши майиз қуритса бўлади. Самарқандлик ишбилармонлар бу ишни аллақачон бошлашган. Ўзбекистонда узум кўп, шунинг учун ҳосилнинг ўзидан узумни қўшни давлатга экспорт қилиш қийин», - дея режалари ҳақида гапирди ота.
У аждодлари асли водийдан, Фарғонанинг Олтиариқ туманидан бўлгани, бобоси эски даврда Олтиариқнинг моҳир деҳқонлардан бири бўлгани ҳақида эслайди.
«Очарчилик йиллари муҳтож кишиларга қўлдан келганча ёрдам қилиб юрган. Фалакнинг гардиши билан улар қулоқ қилиниб, мулклари тортиб олинади. Улар жонини сақлаш учун шу ерларга келиб, ўрнашиб қолишган. Биз шу ерда туғилганмиз», - дейди миришкор деҳқон.
У икки давлат ўртасидаги муносабатларга таъриф бериб, президентлар ҳақида гапирди.
«Халқпарвар, диёнатли президентларни Худо юбордики, сиз ва бизнинг бахтимиз бўлди. Чегара 15 км масофада жойлашган. Кимнингдир қудаси чегаранинг у тарафида эди. Бу тарафда уларнинг қизи бошқа оилага келин бўлган. Шу оилалар маросимларда ҳам бир-бириникига боролмади, ўтолмади».
2018 йилнинг 14-21 декабрь кунлари «Тожикистон — XXI аср» мустақил журналистика мактаби томонидан ўзбекистонлик журналистлар учун Тожикистонга ташкил қилинган пресс-тур тафсилотлари ҳақида яна бошқа мақолада ўқишингиз мумкин.
Мавзуга оид
16:34 / 17.11.2024
Болалар омбудсмани ёш болалар хивчин билан савалангани акс этган видеога муносабат билдирди
12:26 / 15.11.2024
Роғун ГЭСдаги авария оқибатида 3 киши ҳалок бўлди
07:35 / 14.11.2024
Минор масжиди қаршисида Spark ва Captiva тўқнашди
12:07 / 09.11.2024