Бугун терма жамоамиз Осиё кубоклари финал босқичида еттинчи уринишини бошлайди. Аввалги мусобақалар биз учун гоҳ қувончли, гоҳ омадсиз, гоҳ шармандали якун топган бўлса-да, негадир, илк ўйинларни деярли муваффақиятли ўтказганмиз. Олти ўйинда тўрт ғалаба, бир дуранг ва бир мағлубият: тўплар нисбати – 8-3.
Бу факт Уммонга қарши ўйин олдидан кайфиятимизни ошириши турган гап, зеро илк ўйиндаги ғалаба кейинги муваффақиятли юришлар учун ҳам дебоча бўлиши керак. Келинг, ўйин бошланишини сабрсизлик билан кутаётган мухлислар билан бирга аввалги турнирлардаги дебют ўйинларга сайр қилиб кўрамиз.

1996
БААдаги Осиё кубогига терма жамоамиз қитъанинг энг кучли жамоаси сифатида ташриф буюрганди. 1994 йилда Ўзбекистон Хиросимадаги Осиё ўйинларида ғалаба қозонган, ҳатто Африка чемпиони, ўша пайтларда дунёнинг кўзга кўринган жамоаларидан бири Нигерияга қарши ўйинларда ҳам ўзларини муносиб кўрсатганди.
Аммо бош мураббий Баҳодир Иброҳимов таркиб борасида қийинчиликларга дуч келди. Ўша Нигерияга дарвозасига урилган голлар муаллифлари турнирда бизга ёрдам бера олмасликлари ойдинлашди. Аввалига, терма жамоанинг алмаштириб бўлмас етакчиси Миржалол Қосимов жароҳат олди ва у БААга бора олмаслиги маълум бўлди. Андрей Федоров эса, таркибга киритилган бўлса-да, ОФК томонидан берилган икки йиллик дисквалификацияни бекор қилиб бўлмади.
Хитойга қарши биринчи ўйинда рақиб анча устун ҳаракат қилган бўлса-да, ғалаба қозондик. Кўп ҳолатларда Бугало бизни қутқарган, ҳатто бир вазиятда Геннадий Денисов дарвозага кириб кетаётган тўпни чизиқдан қайтариб юборганди. Ўйин охирларида қарши ҳужумда урилган голлар Осиё кубокларидаги илк ўйинимизни ғалаба билан якунлашимизга замин яратди.
Афсуски, бу ғалаба кейинчалик бизга ёрдам бермади, Япония ва Сурияга қарши ўйинда мағлубиятга учраган футболчиларимиз гуруҳда сўнгги ўринни олиб, мусобақани эрта тарк этишди.

2000
Ливан-2000 саралаш ўйинларининг БААда бўлиб ўтгани ва у ерда терма жамоамиз қаҳрамонлик кўрсатиб, майдон эгалари устидан ғалаба қозонгани, ўша ўйинларда терма жамоамизни бошқарган Маҳмуд Раҳимовга эса, Осиё чемпионатига жамоасини олиб бориб насиб этмаганини кўпчилик яхши эслайди. Раҳимов автоҳалокат туфайли ҳаётдан кўз юмади, терма жамоа эса, қисқа вақт қолганда Юрий Саркисянга топширилади. Саркисян келгунча ўтган бир йилдан кам вақт мобайнида жамоада Виктор Борисов, Павел Садирин каби мутахассислар ҳам ишлаб улгуришди. Яъни, бир йилда тўрт мураббий қўл остида шуғулланган, тайёргарлик борасида етарлича муаммоларга эга бўлган Ўзбекистон Ливанга ташриф буюрди.

















