«Мана сенга олам-олам гул» – Шарқ Хитой Янги йилига тайёрланмоқда
Ғарб ўзининг Янги йилини нишонлаб бўлди. Бу байрам шунчалик оммалашиб кетганки, уни дини ва миллатидан қатъи назар дунёдаги деярли барча нишонлайди. Бироқ Шарқнинг ҳам ўз Янги йил байрамлари бор. Ҳа, улар битта эмас. Марказий Осиё халқлари 21 март куни Наврўзни нишонлашса, шарқий осиёликлар январь ва февраль оралиғида Хитой Янги йилини нишонлашади. Бу байрамни «Ой Янги йили» ёки расман «Баҳор байрами» деб ҳам аташади.
Agence France Press байрамга ҳозирлик кўраётган вьетнамликлар оиласи меҳмони бўлди. Бу оилада «Баҳор байрами» учун жуда муҳим бўлган совғалардан бири тайёрланади.
Мамлакат пойтахти Ханой яқинидаги Куан Пу Кау қишлоғини «тутатқи қишлоқ» деб ҳам аташади. Бу қишлоқдаги кўп оилалар бамбук шохчаларидан ўзига хос шам тайёрлашади. Бундай ноодатий шамлар савдоси февраль яқинлашиши билан тезлашади. Чунки, одатда айнан шу ойда Хитой Янги йили кириб келади. Байрам арафасида одамлар марҳумлар хотирасига қизил рангли таёқчалар тутатишади.
Вьетнамлик оила 100 йилдан буён шу иш билан шуғулланади. Мезбоннинг онаси қариб қолган бўлса-да, ҳозир бу ишни тўхтатмаган. Бамбук танаси станокда таёқча кўринишида кесилади. Кейин аёллар юзларига ниқоб тақиб таёқчаларни бўяб чиқишади. Бу жараён тугаллангач эса таёқчаларни ҳавода қуритиш бошланади.
Айнан қуритиш жараёни ташқаридан қараганда жуда чиройли кўринади. Суратдаги гул шаклига кирган таёқчалар айнан қуритиш учун шундай қилиб қўйилган. Улар ҳавода қуригач, дасталанади, совға кўринишига келтирилиб, ленталар билан боғланади. Ленталар пушти рангда бўлиши керак.
Хоанинг айтишича, бу ишдан ойига 430 доллар ишлайди. Мамлакатдаги ўртача иш ҳақи 195 доллар экани инобатга олинса, бу ёмон пул эмас, деб ёзади AFP.
«Ишингиз оғир, бунга яраша пул топмаяпсиз, деб ўйлашингиз мумкин. Лекин бу пул иккита фарзандимни ўқитиш учун етмоқда. Уларни шифокор қилмоқчиман»,- дейди Хоа.
Энди Хитой Янги йили нима экани ҳақида икки оғиз. Бу байрам одатда 21 январь ва 21 февраль оралиғида нишонланади. Ой Қуёш ва Ернинг ўртасига келган кун асосий байрам куни ҳисобланади. Ой Қуёш ва Ердан тенг узоқликда жойлашса, Ой тутилиши кузатилади. Албатта замонавий технологиялар ривожланган бугунги кунда ҳеч ким Ойнинг ҳолатини кутиб ўтирмайди. Астрономлар ҳар йили байрам санасини эълон қилишади. Масалан, 2019 йилги Хитой Янги йили 5 февралда кириши эълон қилинган.
1911 йилдан бу байрам расман «Баҳор байрами» деб аталади. Байрам мушакбозлик ва чироқлар ўйини билан бошланиб, худди шундай тугалланади. Бу энг узоқ нишонланадиган байрамлардан ҳисобланади ва нақ 15 кун давом этади. Янги Йилнинг биринчи кунида бутун оила кечки овқат маҳалида йиғилади. Бу байрамни нишонлайдиганлар кечки овқат вақтида ўтганлар руҳини ёд этади.
Шарқий осиёликлар ҳам ўз байрамларида еб-ичишга зўр беришади. Афсоналарга кўра, Янги йил вақтида Нен исмли махлуқ айланиб юради. Уларнинг айтишича, махлуқ жонлиқлар ва болаларни ейиш учун уйларга келади. Шу сабаб одамлар уйларининг кириш қисмида ҳар хил егуликлар қўйишади. Нен ўша егуликларни еб болаларга тегмасин, деб ирим қилишади.
Яна бир афсонага кўра, Нен бир сафар қизил кийимдаги боладан қўрқиб қочиб кетган. Шу сабабли, байрам арафасида қизил кийимлар кийиб юриш одат бўлган. Чироқлар ўйинида ҳам қизил ранглардан фойдаланишади. Айниқса, Хитойда бу байрамни интизор кутишади. Февралда байрам мушакбозлигини кўриш учун Хитойга борадиган сайёҳлар оқими ҳам кўпаяди.
Мавзуга оид
09:34 / 05.08.2024
Виетнам президенти То Лам Компартия Марказий қўмитаси бош котиби этиб сайланди
11:54 / 26.08.2023
АҚШнинг «манглайидаги қора доғ» – америкаликлар Вьетнамдаги қишлоқ аҳолисини нега қатлиом қилганди?
18:30 / 23.05.2023
«Генерал асирни ўлдирди, мен фотоаппаратим билан генерални ўлдирдим» – Вьетнам урушининг шафқатсизликлари тасвирланган сурат тарихи
11:11 / 23.03.2023