ХХ асрда содир бўлган иккита жаҳон уруши бир неча миллионлаб инсонларнинг ҳалок бўлишига, ўнлаб мамлакатларнинг вайрон бўлишига сабаб бўлди.

Бироқ ўша урушлардан кейин ҳам одамзотнинг ақли кирмади. Оқибатда, 1950-йиллар бошида Корея яриморолида фуқаролар уруши, 1965-1975 йилларда Вьетнам уруши, 1979-1989 йилларда Афғон уруши, 1990-йиллар бошида Болқон яриморолидаги фуқаролар урушлари содир бўлди.

2001 йилда АҚШ аввал Афғонистонга, сўнг 2003 йилда Ироққа бостириб кирди. Дунё энди тин оламан деганда 2022 йил 24 февралда Россия Украинага бостириб кирди. Яна одамлар ҳалок бўлди, шаҳар ва қишлоқлар вайронага, миллионлаб инсонлар қочоққа айланди.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг содир бўлган урушлар орасида Вьетнам уруши алоҳида ажралиб туради. Бу урушда Корея яриморолида бўлгани каби битта миллат иккига ажралиб, ўзаро уруш олиб боради.

Шимолий Вьетнам СССР ёрдамида мамлакатда коммунистик тузум ўрнатади ва жанубда АҚШ ёрдамида тузилган Вьетнам Республикасига бостириб киради. Оқибатда урушга АҚШ ҳам қўшилади.

Шимолликлар СССРдан кенг кўламда ҳарбий ёрдам олган бўлса, жанубликларга АҚШ ҳарбийлари ёрдамга келади ва қонли уруш 10 йил давом этади. Охир-оқибат бу уруш АҚШнинг мағлубияти ва шимолликлар томонидан жанубнинг босиб олиниши билан тугайди.

Вьетнам урушида ҳар икки томон ҳам жуда катта талафотлар беради, юз минглаб ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган, одамлар қочоққа айланади.

Вьетнам уруши барча учун фожиа эди. Мамлакатни бирлаштириб, коммунистик тузум ўрнатмоқчи бўлган шимолликлар, уларга қарши чиққан жанубликлар, жанубликларга ёрдамга борган АҚШлик ҳарбийлар – буларнинг барчаси ўша урушнинг қурбонлари бўлишади.

Қуйида Вьетнам уруши пайтида шимолликлар тарафдори бўлган партизан йигитни отиб ташлаган полиция генералининг аччиқ тақдири ҳақида ҳикоя қиламиз. Бу ҳодисанинг машҳур бўлишига битта фотосурат сабаб бўлганди.

Ҳодиса

1968 йил 30 январ куни тўсатдан Жанубий Вьетнамнинг турли шаҳарларига шимолдаги коммунистлар армияси ва уларни қўлловчи Жанубий Вьетнамни озод қилиш миллий фронти аъзолари ҳужум уюштиради. Пойтахт Сайгон ва яна ўнга яқин шаҳар ҳужум остида қолади.

Жанубликлар учун бу ҳужум кутилмаганда содир бўлади. Чунки ўша пайтда Вьетнамликлар тақвимига кўра янги йил таътили бошланган ва шу сабабли қуролли тўқнашувлар бир муддат тин олган эди.