Жамият | 17:24 / 10.01.2019
10040
5 дақиқада ўқилади

Президент Мурожаатномаси тарғиботига бағишланган тақдимот ўтказилди

9 январь куни Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрь куни Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасини кенг жамоатчилик орасида тарғиб қилишга бағишланган тақдимот ўтказилди. Ушбу тақдимотни институтнинг ижтимоий фанлар мудири доцент Бектош Исроилов ўз маърузаси билан очиб берди.

Маълумки, 2017 йил 22 декабрь куни Президентнинг Олий Мажлисга қилган биринчи мурожаатномасида стратегик мақсадлар қамраб олинган бўлиб, узоқ муддатли вазифалар белгилаб берилган эди.

2018 йил 28 декабрь кунида бўлиб ўтган Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида қатор янги вазифа ва мақсадлар режалаштирилди ҳамда белгилаб берилди.

Президентимизнинг БМТ 72-ассамблеясидаги маърузасида Ислом динига алоҳида тўхталгани барчамизга маълум. Бу йилги мурожаатномада ислом оламининг буюк муҳаддиси, ҳадисшунос олим Имом Бухорийнинг «Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ» китобидаги ҳадис билан бошланиши бежиз эмас. Дарҳақиқат, ҳар бир инсон пок ният билан яхшиликни истаб иш бошласа, амалда ўз самарасини беришини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаб ўтигани ҳақида тақдимотда сўз юритилди.

Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзолари, видеоконференция алоқа тизими орқали туман, шаҳар ва вилоятлардаги маҳаллий кенгашларга сайланган халқ ноиблари ҳамда барча бўғиндаги ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, нодавлат ташкилотлар ва жамоатчилик вакиллари билан бўлиб ўтган мажлисдаги маърузаси асосида тайёрланган ушбу тақдимот материалида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ўта муҳим ва долзарб фикрлар, ғоялар, амалий таклиф ва тавсияларнинг мазмун-моҳияти визуал тарзда очиб берилди.

Жумладан, мурожаатномада белгилаб берилган устувор йўналишлар, таққослама таҳлиллар, сабабий боғлиқликда чиқарилган хулосаларни кенг жамоатчиликка тарғиб этиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий тафаккурини юксалтириш, тасаввур доирасини кенгайтиришга қаратилган бўлиб, ундан нафақат талабалар, балки педагог-ўқитувчилар, тарғибот-ташвиқот гуруҳи вакиллари ҳам фойдаланишлари айтиб ўтилди.

Тақдимотда нима учун 2018 йил «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» деб ном берилгани, Давлат дастури доирасида 21 триллион сўм ва 1 миллиард долларга тенг 76 мингта лойиҳа амалга оширилгани, ўтган йили яхши ният билан бошлаган ишларнинг натижасини кўрсатиб тургани яна бир бор эсга олинди.

Шунингдек, саноат, қишлоқ хўжалиги, капитал қурилиш, транспорт-коммуникация, сервис ва хизмат кўрсатиш соҳаларида салмоқли ютуқлар қўлга киритилгани, айниқса, аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадида жорий йилда иш ҳақи, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақалар миқдори ўтган йилларга нисбатан сезиларли равишда оширилгани ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, тақдимотда педагог ходимларнинг иш ҳақи сўнгги 10 йилда биринчи маротаба 50 фоизгача кўпайтирилгани ва ҳар бир соҳа ишчилари ихлос ҳамда ўз ишларига масъулият билан қарашлари айтиб ўтилди.

Маълумки, бугунги кунда юртимизда, чет эл инвестициялари ҳисобидан қиймати 23 миллиард долларлик 456та лойиҳа амалга оширилмоқда. Албатта, йил мобайнида амалга оширган ишлар рўйхатини узоқ давом эттириш мумкин. Бироқ, бундай мисолларни келтириш, қайд этишдан мақсад – кўкракка уриб мақтаниш эмас. Биз бундан мутлақо йироқмиз. Бизнинг мақсадимиз – ўтган бир йиллик тараққиёт йўлимизни холисона ва танқидий баҳолашдан иборат эканлиги йиғилишда қатнашганларга яна бир бор эшиттирилди.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, қайси давлат фаол инвестиция сиёсатини юритган бўлса, ўз иқтисодиётининг барқарор ўсишига эришган. Шу сабабли ҳам инвестиция – бу иқтисодиёт драйвери, ўзбекча айтганда, иқтисодиётнинг юраги, десак, муболаға бўлмайди.

Бинобарин, бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижаси жаҳондаги етакчи халқаро рейтинг агентликлари томонидан эътироф этилаётганини алоҳида таъкидлаш лозимлигини президент мурожаатномасида айтиб ўтган эди. Шуни инобатга олган ҳолда 2019 йил – «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб эълон қилингани бежиз эмас. Қолаверса, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш учун аҳоли ўртасида ишсизликни камайтириш, одамлар ва оилаларнинг даромадини ошириш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, ушбу масала бўйича Президент фармони қабул қилинди. Унга кўра, 2019 йил 1 январдан бошлаб, ишлайдиган барча пенсионерларга пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланиши белгиланди ҳамда пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдорини энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробаридан 10 баробаригача ошириш бўйича янги тизим жорий этилаётгани ҳақида тақдимотда маълумот бериб ўтилди.

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти матбуот хизмати

Мавзуга оид