Ўзбекистон | 12:40 / 10.01.2019
11917
5 дақиқада ўқилади

Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги жамоат кенгаши нималар билан шуғулланиши маълум бўлди

Фото: Халқ таълими вазирлиги

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлиги Жамоат кенгаши тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.

Низомга кўра, Жамоат кенгашининг асосий мақсадлари:

жисмонан соғлом ва маънавий етук ва ҳар томонлама ривожланган баркамол авлодни тарбиялашда оила, ота-оналар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг таълим муассасалари билан ҳамкорликда олиб борадиган фаолиятини тизимли йўлга қўйиш;

фарзанд тарбиясида давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда жамоатчилик фаоллигини ошириш, уларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш;

ўқувчи ва ёшлар ўртасида содир этилиши мумкин бўлган тартиббузарлик, зўравонлик, жиноятчилик, гиёҳвандлик, дайдичилик ва тиланчилик, диний ақидапарастлик, миссионерлик ва “оммавий маданият” каби маънавий ва ахлоқий тубанлик иллатларининг олдини олишда манфаатдор вазирлик, идора ва маҳаллий ҳокимиятлар билан ҳамкорликда ташкилий-педагогик ишларни ташкил этиш.

Шу билан бирга мактаб жамоат кенгашининг асосий вазифаларидан ўқувчи ёшларни ижтимоий муҳофаза қилиш, ижтимоий эҳтиёжманд оилалар фарзандларини моддий ва маънавий қўллаб қувватлашдан иборат.

Жамоат кенгашининг вазифалари:

оила, умумтаълим мактаблари ва маҳалла ҳамкорлигининг самарадорлиги ва натижадорлигини таъминлаш;

ота-оналарнинг фарзандлар тарбиясидаги ўрни, мажбурияти, масъулияти ва фарзандлар билан ўзаро муносабатларини мустаҳкамлашга кўмаклашиш; 

таълим муассасаларидаги тарбия сифатини ўрганиш ва уларни янада такомиллаштиришга оид тадбирларни амалга ошириш;

ўқувчи - ёшларни умуминсоний ва миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, онги ва қалбига ватанпарварлик, инсонпарварлик, халқпарварлик, келажакка ишонч ва интилиш, меҳнатсеварлик, бунёдкорлик, маърифатпарварлик каби эзгу ғоялар ва фазилатларни сингдириш, уларда фаол фуқаролик позицияси ва мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш орқали зарарли одатлар йўлига киришига сабаб бўлаётган омилларга қарши манзилли профилактик тадбирларни амалга ошириш;

ўқувчи - ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, маҳалла ва жамиятдаги ўзаро муносабатларнинг илк ва асосий кўникмаларини шакллантириш ҳамда ривожлантириш;

ўқувчи - ёшларга нисбатан “Ҳеч ким, ҳеч қачон эътибордан четда қолган эмас” тамойилини жорий этиш ва фаолият давомида бу масалага доимий аҳамият қаратиш;

қонунчилик талабларидан келиб чиқиб таълим муассасаларига яқин ҳудудларда алкоголли ва тамаки маҳсулотларини сотилишига йўл қўймаслик бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш;

таълим муассасасида айрим ўқувчиларни камситиш, уларга зўравонлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича ишлаб чиқиладиган дастурлар тайёрланишида иштирок этиш, уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш;

ўқувчи-ёшлар ва уларнинг ота-оналари учун таълим-тарбия фаолиятини такомиллаштириш бўйича мутахассисларни жалб қилган ҳолда турли социологик сўровномалар, амалий тренинглар, мастер-класслар ўтказиш, психологик маслаҳатлар ташкил этиш; 

ҳудудий жамоат кенгашлари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш.

Шу билан бирга мактаб жамоат кенгаши қуйидаги вазифаларни ҳам амалга оширади:

ўқувчи - ёшларни ижтимоий муҳофаза қилиш, ижтимоий эҳтиёжманд оилалар фарзандларини моддий ва маънавий қўллаб қувватлаш;

ижтимоий эҳтиёжманд оилалар фарзандларини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бепул дарсликлар билан таъминлаш;

ижтимоий эҳтиёжманд оилалар фарзандларини ҳомийлар маблағларини жалб этган ҳолда ўқув қуроллари билан таъминлаш;

ижтимоий эҳтиёжманд оилалар фарзандларини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ қишки бош-кийим ажратиш бўйича буюртмани шакллантириш;

заруратдан келиб чиқиб, ота-оналарга фарзандларининг таълим-тарбия олиши учун тегишли шарт-шароитларни яратишларига кўмаклашиш мақсадида ижтимоий эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш бўйича фуқароларни ўзини ўзи бошқариш идораларига таклиф киритиш.
 
Жамоат кенгашининг ҳуқуқ ва ваколатлари:

фаолияти доирасида давлат ва нодавлат ташкилотлардан зарур маълумотларни талаб этиш ва таклиф бериш;

маҳалла, таълим муассасалари ва ташкилотлар томонидан ташкил этиладиган маданий-маърифий тадбирлар ва йиғилишларда иштирок этиш;

жамоат кенгаши фаолияти доирасида тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда конференция, ўқув-семинар ва давра суҳбатлари ташкил этиш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва мактаб жамоат кенгашлари фаолиятини ўрганиш, ҳамкорлик ишларини кучайтириш юзасидан таклифлар бериш;

таълим-тарбия жараёнида эришган ютуқларидан келиб чиқиб, ўқувчилар, ота-оналар ва синф раҳбарларини моддий ва маънавий рағбатлантириш бўйича мактаб, маҳалла ва ташкилотлар бошқарувига тавсиялар киритиш;

ўқитувчи, ўқувчи ва ота-оналарнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчиликда кўзда тутилган тартибда иштирок этиш;

жамоат кенгаши фаолиятини обрўси ҳақида ғамхўрлик қилиш, унинг мақсад ва вазифаларини, шунингдек амалга оширган ишларини тарғиб қилиш;

таълим муассасасида айрим ўқувчиларни камситиш ёки зўравонлик ҳолатларини аниқлаш ва таҳлил қилиш ишларида фаол иштирок этиш, аниқланган ҳолатлар юзасидан ички ишлар органларини хабардор қилиш;

ўқувчи ёшларни ижтимоий муҳофаза қилиш, ижтимоий эҳтиёжманд оилалар фарзандларини моддий ва маънавий қўллаб қувватлаш.

Мавзуга оид