1 июлдан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларга қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштиришга рухсат берилади.

 Хусусийлаштирилган ер участкалари Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ давлат томонидан муҳофаза қилинади. Бу нима учун муҳим?

1. Ҳар қандай иқтисодий фаолиятнинг муҳим шарти – мулкдор ҳуқуқининг ҳимоя қилиниши эканлиги аллақачон умумэътироф этилган.

Кимдир хонадонини ҳашаматли қилиб таъмирлаш, ер участкасида ўғли учун уй қуриш ёки янги ер участкаси сотиб олишга қарор қилди дейлик. У биринчи навбатда қуйидагиларни ўйлайди: қурган уйим бузилмасмикин, еримни олиб қўйишмасмикин (келинг, ҳамма нарсани ўз номи билан атайлик)? Агарда вазият мавҳум бўлса, бузилиш ёки олиб қўйилиш хавфи бўлса, у яшаш шароитини яхшилаш учун пули ва меҳнатини сарфламайди.

Бизнес учун эса мавҳумлик муаммоси янада долзарб ҳисобланади. Бунда гап анча катта маблағ ва юзлаб, минглаб кишилар тақдири ҳақида боради. Ер олдингиз, завод (кафе, магазин, омборхона ва бошқалар) қурдингиз, одамларни ишга ёллаб, хўжалик фаолиятини бошладингиз. Ва бирдан ерингизни (қолган мулклар билан биргаликда) олиб қўйишди: янги қурилиш бўлади, кимдир мулкингизга кўз олайтирди, рақобатчилар сиздан қутулиш йўлини топишди (кераксизини ўчириб ташланг).

Агарда мулкдорлик ҳуқуқи ҳимояланмаган бўлса, иқтисодиётимизга инвестиция киритишни истайдиганлар кўп бўладими? Тўғри: жудаям кам бўлади! Шу боис (ва бошқа сабаблар билан) бизда инвесторлар жуда кам. Натижа эса аниқ: рақобатбардош ишлаб чиқариш кам, иш ўринлари кам, маошлар паст.

Дунёда энг қиммат ер Токиодаги кўчалардан бирида жойлашган. табиийки, кўча осмонўпар бинолар билан тўла: ернинг ҳар бир сантиметри қиммат туради. Ва мана шу супер ҳашаматли ва замонавий иншоотлар орасида кичкинагина икки қаватли уй жойлашган. Жудаям кичкина, хунук, шаҳар дизайнини бузувчи уй. Бадбашараликми? Эстетика нуқтаи назаридан жавоб берадиган бўлсак, ҳа. Иқтисодиёт нуқтаи назаридан эса улкан ютуқ: мулкдор ҳуқуқи ҳимояланганлигининг белгиси! Бўлиб ҳам, қоғозда эмас, амалда. Мана шу уй қурилган ер кимгадир тегишли. Ва унинг эгаси осмонўпар иморат қуришни ҳам, ерини сотишни ҳам хоҳламайди. Хоҳламайди, тамом-вассалом. Ва ҳеч ким унга қарши ҳеч нима қила олмайди!