Ўзбекистон | 15:44 / 21.11.2024
5548
3 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги International ва Lotte меҳмонхоналари хусусийлаштирилди

International отелини 26 млн долларга Smart Fast Stroy сотиб олди. Lotte City Hotel учун эса Alfa Invest суғурта компанияси 20 млн доллар тўлайди.

International Hotel Tashkent / Фото: ihthotel.uz

Тошкент шаҳрида жойлашган International (Inter Hotel) ҳамда Lotte City Hotel меҳмонхоналаридаги давлат улуши сотилди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар берди.

Юнусобод туманидаги International отели 26 млн долларга “Smart Fast Stroy” МЧЖга сотилган. Инвестор ушбу суммадан ташқари меҳмонхонанинг тегишли банк олдидаги 14,7 млн евролик кредитини ҳам ўз зиммасига олган, шунингдек, 41 млн доллардан ортиқ инвестиция киритиш мажбуриятини олган.

Smart Fast Stroy 2023 йил август ойида рўйхатдан ўтказилган. 2023 йил 21 декабр ҳолатига компаниянинг ягона таъсисчиси ва раҳбари Муҳиддинов Муҳиддин Усмон ўғли бўлган, ҳозирда эса МЧЖ Александр Валерьевич Захарянга тегишли, компания раҳбари сифатида Тимур Закиров кўрсатилган. Александр Захарян Octo, Octopay, Octotelecom, Octo Games, Octo SMP, Octo Integro ва Finance Invest Brok компанияларининг ҳам эгаси ҳисобланади.

Давактивга кўра, International меҳмонхонасини сотиб олишга 6 та компания қизиқиш билдирган, лекин улардан фақат 3 таси мажбуриятга эга таклифлар йўллаган. Хусусийлаштириш жараёнига консултант сифатида Deloitte, мустақил баҳоловчи сифатида Ernst & Young жалб этилган.

Таъкидланишича, 26 млн долларлик нарх – Ernst & Young баҳолаган қийматдан сезиларли юқори, Deloitte берган қийматлар диапазонининг юқори қисмида жойлашган.

Фото: Booking.com

Юнусободда жойлашган яна бир меҳмонхона – Lotte City Hotel Tashkent эса 20 млн доллар таклиф қилган Alfa Invest суғурта компаниясига сотилган.

Расмий хабарда айтилишича, объектни хусусийлаштиришга 15 та компания қизиқиш билдирган, аммо улардан фақат 3 таси мажбуриятга эга таклифлар билан чиққан.

“Lotte” меҳмонхонаси ташқи кўринишининг архитектура қиёфасини инобатга олган ҳолда келгусида ҳар қандай қурилиш-таъмирлаш ва реконструкция ишларини Қурилиш вазирлиги ва Маданий мерос агентлиги билан келишган ҳолда амалга ошириш бўйича қатъий талаб қўйилган ва инвестор бу талабни қабул қилган.

Давлат мулкини сотишда KPMG консултант бўлган, Deloitte мустақил баҳолашни амалга оширган. 20 млн долларлик нарх – Deloitte баҳолаган қийматдан юқори, KPMG берган қийматлар диапазонининг юқори қисмида жойлашгани айтилмоқда.

Мавзуга оид