Жаҳон | 20:49 / 13.01.2019
21153
2 дақиқада ўқилади

ДНК структурасини очган Нобель совриндори ирқчилик учун унвонларидан маҳрум этилди

Фото : Joel Rennich/UPI

ДНК структурасини биринчи бўлиб очган ва бу кашфиёти учун Нобель мукофоти билан тақдирланган олим Жеймс Уотсон Колд-Спринг-Харбордаги лабораторияда унга берилган унвонлардан маҳрум этилди. Уотсон ўз вақтида шу лабораторияга раҳбарлик қилган. Бунга эса унинг ҳужжатли фильмда турли ирқ вакилларининг ақлий қобилиятлари тенглигини шубҳа остига қўйгани сабаб бўлган.

Уотсон Нобель мукофотини 2 та спирал кўринишидаги ДНК структурасини очгани учун 1962 йилда олган. У ўз фаолиятининг катта қисмини Нью-Йорк яқинидаги хусусий тадқиқот институти – Колд-Спринг-Харбордаги лабораторияга бағишлаган. Ҳозирда лабораторияда 400 га яқин киши ишлайди, ўз вақтида унда 9 нафар Нобель совриндори фаолият олиб борган. Уотсон 1968 йилда лабораторияга директор этиб тайинланган, 1994 йилда президент ва 2004 йилда фахрий раҳбар унвонлари билан тақдирланган.

Олим 2007 йилдаги интервьюсида европоид ва негроид ирқи вакилларини ақлий қобилият борасида тенг деб ҳисобламаслигини айтган. У шу қарашлари учун ҳамкасблари ва жамоатчилик томонидан танқидга учраб, ҳаттоки ишидан маҳрум бўлган. Жорий ойда чиққан янги ҳужжатли фильмда олим ҳали ҳам фикри ўзгармагани, европаликлар ва қора танлилар ўртасидаги ирсий фарқлар уларнинг ақлий қобилиятларидаги сезиларли фарқлар кўринишида намоён бўлишини айтган. 

Бунга жавобан Уотсон бир вақтлар бошқарган лаборатория олимнинг қарашларини “танбеҳ беришга лойиқ” ва “фан томонидан тасдиқланмаган” деб атаган ва “олимнинг асосланмаган ва масъулиятсиз фикрини қатъиян рад этишини” айтган. Шу сабабли лаборатория Уотсонни фахрий раҳбар, Оливер Грейс номидаги фахрий профессор ҳамда васий унвонларидан маҳрум этишга қарор қилган. 

Мавзуга оид