Жаҳон | 23:42 / 13.01.2019
17133
2 дақиқада ўқилади

Оқ уй Пентагондан Эронга зарба бериш имкониятлари ҳақида сўраган – ОАВ

АҚШ миллий хавфсизлик кенгаши Пентагондан Вашингтоннинг Эронга зарба бериш имкониятлари ҳақидаги маълумотни сўраган. Бу 2018 йил сентябрда Бағдод маркази миномётдан ўққа тутилгандан кейин юз берган. Ўшанда АҚШ элчихонаси жойлашган ҳудуд ўққа тутилган.

6 сентябрда Бағдод марказига 3 та снаряд отилган. Ҳужум вақтида шаҳарнинг ҳукумат муассасалари ва хорижий дипломатик миссиялар жойлашган ва алоҳида қўриқланувчи “яшил ҳудуди” ўққа тутилган. Ҳужум оқибатида ҳеч ким жабрланмаган, АҚШда ҳужум учун жавобгарлик Ироқдаги Теҳрон томонидан қўллаб-қувватланувчи кучлар зиммасига юкланган.

2 кундан кейин – 8 сентябрда АҚШнинг Басрадаги бош консуллиги ракетадан ўққа тутилган. Шундан кейин Вашингтон Басрадаги ваколатхонасини ёпишга қарор қилган.

The Wall Street Journal нашри маълумотларига кўра, Пентагон миллий хавфсизлик кенгаши мурожаатини қондириб, унга тегишли маълумотлар тақдим қилинган. Бунда ушбу мурожаатдан АҚШ президенти Дональд Трамп хабардор бўлгани-бўлмагани, Оқ уйдан бирор кўрсатма берилгани ва ўшанда Вашингтонда Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар бўйича жиддий режа бор-йўқлигига ойдинлик киритилмаган.

Бироқ бундай сўров Пентагон ва давлат департаментида жиддий хавотир уйғотган. Ироқдаги ҳужумлар жиддий талофат етказмагани ва ҳеч ким жабрланмагани ҳисобга олинган ҳолда, Пентагон ва давлат департаментида миллий хавфсизлик кенгаши ва АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон Эронга қарши зарбалар бериш эҳтимолига енгилтаклик билан муносабатда бўлаётганларидан” карахт ҳолда бўлганлар. 

Болтон Трамп маъмуриятининг қолган аъзоларига нисбатан Теҳронга қарши кескинроқ қарашларга эга ва Эронда ҳокимият ўзгаришига умид қилишини яширмайди.  

Мавзуга оид