Тошкент вилоятида фермер хўжаликлари ер майдонлари мақбуллаштирилмоқда
Шу йилнинг 9 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг “Фермер хўжаликларни ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.
Қарорга асосан, Тошкент вилояти Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан вилоятдаги бир қанча фермер хўжаликларининг ер майдонлари мақбуллаштирилмоқда.
Ташкилотнинг вилоят кенгаши раиси ўринбосари Зойир Эшнаев ушбу жараёнга тўхталар экан, жумладан ҳозирги кунга қадар қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланишда учраётган тизимли муаммоларни санаб ўтди.
Очиғи, боғдорчилик, узумчилик, мева сабзавотчилик каби йўналишларга ер ажратишда майдалашиб кетилган.
Пахта-ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларини ташкил этишда ҳам 10-15 гектардан экин ерлари ажратилганлигини тан олиш керак.
Шунингдек, фермернинг йиллик бизнес режасини тузиш ва ижросини назорат қилиш уддалаб бўлмас вазифага айланиб қолган.
Фермер хўжаликлари ер майдонларига экинларни жойлаштириш ва ҳосилдорликни белгилаш ҳамда айрим қишлоқ хўжалиги экинларини шартномага асосан кўп ёки кам экилишини бошқариш ишлари мураккаблашиб кетганига ҳам алоҳида урғу бериш зарур.
Бундан ташқари, тизимда айрим экин ерлари номутахассис, ерни қадрига етмайдиган шахсларнинг қўлига ўтиб қолиши – ерларнинг мелиоратив ҳолатини ёмонлашишга ҳам олиб келган.
Ҳукуматимизнинг қарори билан фермер хўжаликлари ер майдонлари мақбуллаштирилиши ердан мақсадли фойдаланиш ва ер ижара шартномаси талабларини сўзсиз ижросини таъминланиши тўғри йўлга қўйилишига замин яратилди.
Келгусида фермер хўжаликларини йириклашиши билан уларни ишлаб чиқариш фаолияти тўғри йўлга қўйилади, тузилган контрактация шартномаларининг бажарилиши, маҳсулот сотишдан тушган маблағларнинг банк ҳисоб варақлари орқали айланиши ҳамда дебитор-кредитор қарздорликлари ва молиявий ҳолатини ҳисоб-китоби ҳам яхшиланади.
Бундан ташқари, фермер хўжаликлари фаолиятида қўшимча тармоқлар ташкил этиш, зарур қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлаш, моддий-техника ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳолатини назорат ва таҳлил қилиб борилиши осонлашади.
Тошкент вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари
Кенгаши раиси ўринбосари Зойир Жумаевич Эшнаев