02:25 / 26.07.2018
16927

Қозоғистоннинг Туркистон вилояти тумани раҳбари ҳибсга олинди

Фото: zakon.kz

Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Ўрдабаси тумани раҳбари Рашид Кайпжанов ҳибсга олинди.  

Аксилкоррупция хизматида Кайпжанов нимада гумон қилинаётганига аниқлик киритилмаган. У 2017 йил августда туман раҳбари этиб тайинланган.

Шу билан бирга Туркистон вилояти амалдорлари томонидан ер қонунчилигининг бузилиши ҳолатлари аниқланган. Вилоят раҳбари иштирокида вилоят прокуратураси ҳайъатининг ер қонунчилигига амал қилиниши текшируви натижалари бўйича йиғилиши бўлиб ўтган.

“Акиматларнинг ер муносабатлари соҳасидаги иши тегишли даражада амалга оширилмаяпти, ер майдонларини беришда кўплаб қоидабузарликларга йўл қўйилган. Масалан, Сайрам тумани акимати томонидан ер қонунчилиги талабларига амал қилинмаган ҳолда 50 гектар ернинг хусусий турар жойлар учун сохта ҳужжатлар бўйича 400 та майдонга тақсимланишига йўл қўйилган. Туркистонда ер майдонларининг танлов ва аукционлар орқали тақдим қилингани ҳақидаги комиссиянинг сохта баённомалари асосида 100 гектарлик 130 дан кўпроқ ер майдони ноқонуний расмийлаштирилган”, деб айтилган хабарда.

Маълум қилинишича, ушбу қонунбузарликлар оқибатида давлатга 700 млн тенгедан кўпроқ зиён етказилган. Ушбу ҳолатлар бўйича судгача тергов ишлари олиб борилмоқда.

“Шу билан бирга ерларнинг давлат мулкига қайтарилиши бўйича чоралар кўрилмоқда. Жорий йилнинг 6 ойи натижаларига кўра прокурорлар томонидан кўрилган чоралар натижасида 73 киши турли даражадаги жавобгарликка тортилган, давлатга 1 млрд тенгелик 19 минг гектардан кўпроқ ер қайтарилган”, деб маълум қилинган хабарда.

Top