Жамият | 19:26 / 16.01.2019
7641
7 дақиқада ўқилади

 Хориждан қайтган  ўзбекистонлик ёшлар бандлигини таъминлашга кўмаклашувчи лойиҳа ишга туширилди 

Аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил этган мамлакатимизда ишсизлик муаммосини бартараф этиш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор лойиҳалар амалга оширилиб келинмоқда. Хорижда ишлаб қайтган ёшларга эътибор намунасини Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан старт берилган янги лойиҳада кўришимиз мумкин. Ёшларни муносиб меҳнатга жалб этиш ва уларнинг ташаббускорликларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ушбу лойиҳа орқали хорижда ишлаб, яшаш манзилларига қайтиб келган ёшлар билан учрашувлар ташкил этилмоқда. Лойиҳа шу йилнинг январь ойидан март ойига қадар юртимизнинг барча ҳудудларида ўтказилмоқда.

Дастурга мувофиқ равишда “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси, Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази ҳамда “Ёш фермерлар” Кенгаши нодавлат-нотижорат ташкилотлари томонидан барча маҳаллаларда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ёшлар учун ўқув-семинарлари, шахсий томорқадан самарали фойдаланиш мавзусида тақдимотлар, ёшларнинг йирик ишлаб чиқариш корхоналари ва саноат зоналарига саёҳатларини ташкил этиляпти. Ҳар ойда ўнтадан маҳаллалар танлаб олиниб, хорижда ишлаб яшаш манзилларига қайтиб келган ёшлар билан тадбиркорлик ва бандлик, муносиб меҳнат, саломатлик ва гигиена, диний-маърифат йўналишларида ўқув-семинарлар бўлиб ўтади.

 

Республика бўйлаб ўтказилаётган тадбирлар натижасида хорижга ишлаш ва ўқишга кетиб, Ўзбекистонга қайтиб келган ёшларнинг муаммолари ўрганилиб, мутасадди идоралар вакиллари билан мавжуд муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилади. Ёшларга бўш иш ўринлари таклиф этиш, уларнинг тадбиркорлик билимларини ошириш, бандлигини таъминлашга кўмаклашилади.

Лойиҳага доир тадбирларнинг дастлабкиси Навоий вилоятида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Қизилтепа туман Кенгаши томонидан ташкил этилди. Унда маҳаллалардаги ёшлар билан очиқ мулоқот қилинди.

Хусусан, тумандаги “Ғамхўр”, “Ўртақўрғон” ва “Хўжақўрғон” маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳамда Навоий шаҳридаги “Зарафшон” маҳалла фуқаролар йиғинида хорижга чиқиб, ишлаб қайтган ёшлар учун меҳнат хавфсизлиги ва муҳофазаси, саломатлик ва гигиена қоидаларига бағишланган бир қатор ўқув-семинарлар ўтказилди. Ўзга юртга Ватан соғинчи ва оила аъзоларининг дийдорига илҳақ бўлиб, ўз уйларига қайтган ёшлар “Ёшлар – келажагимиз” жамғармасининг фаолиятига катта қизиқиш билдиришди.

Тадбиркорлик қилиш истагидаги ёшларга мазкур жамғармадан имтиёзли кредит олиш, ўз бизнес лойиҳасини яратиш ва уни амалга ошириш бўйича махсус маҳорат сабоқлари берилди.

—Ёшлар билан учрашув ва очиқ мулоқотларни ўтказишимиздан асосий мақсад хорижда ишлаб, яшаш манзилига қайтган ёшларнинг муаммоларини ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўрганиш, ижобий ҳал қилиш, уларнинг чет элга чиқиб кетишларининг олдини олиш, энг асосийси, ишсизлик муаммоларини бартараф этишдан иборат, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Навоий вилоят Кенгаши бўлим мудири Назиржон Қаюмов.

Лойиҳадаги тадбирларнинг навбатдагиси Тўрткўл туманининг “Ўзбекистон” ҳамда “Отаюрт” овул фуқаролар йиғинларида ҳам ўтказилди. Ёшлар билан учрашувда Тўрткўл туманидаги мутасадди ташкилот раҳбарлари, узоқ муддатга ишлаш учун чет элларга кетиб, яшаш манзилига қайтиб келган ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. Мулоқотда ҳозирги кунда туманда тадбиркорлик қилаётган ёшлар ва уларнинг имкониятларидан келиб чиқиб яратилган бўш иш ўринлари ҳамда чет элда ишлаб яшаш манзилига қайтиб келган ёшларга тадбиркорлик фаолияти ва уларга ер ажратиб бериш учун яратилаётган имкониятлар билан атрофлича таништирилди.

Жиззах вилоятининг барча туман-шаҳарларида ҳам ёшлар таклифларини ўрганиш, муаммоларига ечим топиш, бандлигини таъминлаш, ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишга доир сайёр қабуллар ташкил этилди. Мазкур учрашувларда ҳудуд ёшлари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Уларни қийнаётган муаммоларга ечимлар топилиб, кўплаб масалаларга ижтимоий-ҳуқуқий кўмак кўрсатилди. Айниқса, хорижда ишлаб, яшаш манзилига қайтиб келган ёшлар мамлакатимизда уларга қаратилаётган эътибор ва имтиёзлар ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлиб, ўзлари учун муносиб иш топиш ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун имтиёзли кредит олишга муваффақ бўлишяпти.

— 4 йил Россия давлатида ишлаганман. Мусофирликда ҳаёт кечириш, Ватан, ота-она ва яқинлардан узоқда меҳр-эътиборга муҳтожлик, юрт соғинчи азобини жуда яхши биламан, — дейди арнасойлик Бобур Зулинов. —Айниқса, кучга тўлган пайтимда ўз юртимда қизиққан соҳамда ишламасдан, ўзга юртда қора меҳнатда умрим ўтаётганига ачинардим. Интернет сайтлари орқали Ўзбекистонда ёшларга яратилаётган имкониятлардан доим бохабар бўлиб турардим. 2018 йилда Ўзбекистонга қайтиб келдим. Болалигимдан мусиқага қизиқиб, бу соҳада маълум билим ва кўникмаларим ҳам бор. Шу боис ишлаб топган пулимга мусиқа ва овоз ёзиш жиҳозларининг бир қисмини сотиб олдим. Ҳозир туманимиздаги Мусиқа ва санъат мактабида мусиқа ва овоз ёзиш билан шуғулланаман. Жиҳознинг қолган қисми учун кредит олиш мақсадида Ёшлар иттифоқининг сайёр қабулига келдим. “Ёшлар —келажагимиз”  жамғармаси орқали имтиёзли кредит олишим мумкинлигини айтиб, шу ернинг ўзида манзилли режага киритишди.

Бундан ташқари Зомин туманида ўтказилган сайёр қабулда тоғли ҳудуд ҳисобланган  “Пишағар” қишлоғида яшовчи 27 ёшли Гулбаҳор Абдуллаева ҳам оилавий шароитидаги моддий қийинчиликлар сабаб шу кунга қадар фуқаролик паспорти олмаганини айтди. Гулбаҳорнинг мурожаатини туман ички ишлар бўлими ҳамда туман прокуратураси атрофлича ўрганиб, жойида ижобий ҳал этишга киришди.

— Ёшларнинг битта бўлса ҳам муаммоси бор экан, уларга ечим топиш, муаммони ўрганиш ва бартараф этиш учун ҳаракатни тўхтатмаслигимиз лозим, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Жиззах вилоят Кенгаши раиси Дилмурод Худойшукуров. —Ҳудуддаги ёшлар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш ва уларнинг интилишини рағбатлантириш асосий вазифамиздир. Шу боис йил бошиданоқ ушбу вазифани амалга оширишга киришдик.

Ёшларни муносиб меҳнатга жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар барча вилоятларда ўтказилмоқда. Март ойига қадар ёшларни иш билан таъминлаш, хорижий мамлакатларда иш топиш, меҳнат хавфсизлиги ва муҳофазаси юзасидан хорижда ишлашга кетиш истагида бўлган ҳамда қайтиб келган ёшлар учун керакли тавсиялар бериб борилади.

 Лойиҳа доирасида ташкил этилаётган тадбирларда хориждан қайтган барча ёшлар иштирок этиши мумкин.

Мавзуга оид