«Андижон-фарм» эркин иқтисодий зонаси ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси президенти “Андижон-фарм” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинган.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Андижон вилояти ҳокимлигининг Андижон вилояти Андижон туманида “Андижон-фарм” эркин иқтисодий зонасини (“Андижон-фарм” ЭИЗ) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинди.
Қуйидагилар “Андижон-фарм” ЭИЗнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:
юқори қўшилган қийматли, шу жумладан, “in-bulk” шаклида фармацевтика маҳсулотлари ва дори воситаларини ишлаб чиқарувчи замонавий корхоналарни ташкил этиш учун, энг аввало, Ҳиндистон Республикаси етакчи компанияларининг тўғридан-тўғри инвестициялари ва илғор технологияларини жалб этиш;
доривор ўсимликлар хом ашёсини қайта ишлаш ва тайёр дори воситалари, тиббиёт буюмлари, тиббий техникалар, ёрдамчи ва қадоқлаш материаллари ишлаб чиқариш бўйича янги замонавий ишлаб чиқариш ва қувватларни ташкил этиш;
доривор ўсимликлар хом ашёсини ўзига хос табиий шароитларда етиштириш ва кейинчалик қайта ишлаш борасида Андижон вилоятининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ҳамда самарали фойдаланишни таъминлаш;
эркин иқтисодий зоналар ташкилотлари ҳамда республикамизнинг бошқа корхоналари ўртасида мустаҳкам кооперация алоқаларини ўрнатиш ва саноат кооперациясини ривожлантириш орқали маҳаллий доривор ўсимликлар хом ашёси ва материаллари негизида фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш;
“Андижон-фарм” ЭИЗ ҳудудида муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ижтимоий инфратузилмани жадал ривожлантириш, шунингдек, унинг ҳудудида сифатли логистика хизматлари кўрсатиш бўйича замонавий инфратузилмани шакллантириш;
“Андижон-фарм” ЭИЗнинг соҳа кадрларига бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларидан келиб чиқиб, юқори малакали мутахассисларни, шу жумладан, уларнинг “Андижон-фарм” ЭИЗ ҳудудида жойлашган корхоналарда ишлаб чиқариш амалиётини ўташини ташкил этиш орқали тайёрлашда қатнашиш.
Белгиланишича:
“Андижон-фарм” ЭИЗнинг фаолият юритиш муддати 30 йилни ташкил этади ва ушбу муддат кейинчалик узайтирилиши мумкин;
“Андижон-фарм” ЭИЗ фаолият юритадиган муддат давомида унинг ҳудудида алоҳида солиқ ва божхона тартиблари амал қилади.
Мавзуга оид
12:32 / 22.10.2024
Профтаълим муассасалари техникумларга бирлашяпти – тизимда қандай ўзгаришлар бор?
15:14 / 25.07.2024
Тошкент, Бухоро ва Наманганда заргарлик марказлари ташкил этилади
11:12 / 25.05.2024
Адлия органларининг қўшимча фаолият йўналишлари белгиланди
10:08 / 25.05.2024