Жамият | 22:16 / 17.01.2019
2288
3 дақиқада ўқилади

Ангрен шаҳрида «Китоб байрами» тадбири ўтказилди

Бугун, 17 январь куни Тошкент вилояти Ангрен шаҳар Халқ таълими бўлимига қарашли 29-умумий ўрта таълим мактабида «Мен шу азиз Ватан фарзандиман!» шиори остида «Фарзандимга китоб совға қиламан» номли ижодий учрашув ва китоблар ярмаркаси ташкил этилди. Бу ҳақда Ангрен шаҳар Халқ таълими бўлими матбуот хизмати Kun.uzʼга маълум қилди.


Мазкур ижодий учрашув ва китоб ярмаркаси Ўзбекистон президентининг диний ишлар бўйича давлат маслаҳатчиси Рустам Қосимов йўриқномаси асосида 2018 йил ноябрь ойида ишлаб чиқилган 2019 йил январь ойига мўлжалланган йўл харита ва мазкур йўл харитаси бўйича ишлаб чиқилган медиа режага асосан ташкил этилди.

 


Тадбирда болалар ва катталар учун учун мўлжалланган бадиий адабиётлар, журналлар, газеталар, атласлар, хариталар, электрон ахборот воситалари ва ҳатто бир қанча санъат намуналари намойиш этилди. Шунингдек, ўқувчилар ва ижодкор ёшларнинг «Улуғ йўл» газетаси муҳаррири Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Неъмат Душаев, Ангрен шаҳар 33-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси, шоир Абдураҳмон Пиримқуловлар билан ижодий учрашуви ўтказилди.

Ўтказилган тадбирда тумандаги барча сектор раҳбарлари, хусусан, Ангрен шаҳар ҳокими Шукрулло Маҳмудов, шаҳар прокурори Хуршид Бабаев, шаҳар ИИБ бошлиғи Камолиддин Бойбутаев, шаҳар ДСИ раҳбари Рустам Аширматов иштирок этишди ва тадбир мақсади, китобхонликнинг инсон ҳаётидаги ўрни билан боғлиқ ўз фикрларини билдиришди.
Ташкил этилган китоб ярмаркаси китоб ихлосманди бўлган ўқувчилар, шунингдек, ота-оналар учун айниқса қувончли бўлди. Улар ярмаркада ўзлари истаган жаҳон ва ўзбек адабиётининг сара асарларини харид қилишди.


Тадбирда “Ёш китобхон“ танловининг 2018 йилдаги Ангрен шаҳар босқичида ғолибликка эришган ўқувчилар ҳам тақдирланди, хусусан, уларга туман ҳокимлиги ва Халқ таълими шаҳар бўлимининг эсдалик совғалари топширилди. Бундай китоб тадбирлари ўқувчиларнинг бадиий адабиёт билан ошно бўлиши, дунёқарашини ўстиришда айниқса аҳамиятли ҳисобланади.

Ёшлар иттифоқи Ангрен шаҳар бўлими томонидан “Китоблар карвони“ акцияси доирасида шаҳардаги барча мактабларнинг ахборот ресурс марказларига тақдим этилган 34 та номдаги китоблар ўқувчилар учун ҳақиқий совға бўлди.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид