Жамият | 10:10
1711
3 дақиқада ўқилади

“Ҳовлимизда доим баҳор” – ангренлик қулупнайчи

Ҳожиакбар Носиров Ангрен шаҳридан. У давлат ташкилотида ишлаши билан бир қаторда қиш фаслида иссиқхонада, баҳордан бошлаб эса далада қулупнай етиштиради. Деҳқоннинг уйидан йил давомида қулупнай узилмайди. “Умримни қулупнайчиликка бағишлаганман. Қишда ҳам ҳовлим худди баҳордек яшнаб туради”, – дейди деҳқон.

“Одамлар баҳорни орзу қилиб кутади. Бизнинг уйимизда эса ҳамиша баҳор, қиш фаслида кўчада қор бўлса, иссиқхонамизга кирсангиз, мева пишиб турган бўлади. Мевани танасининг ўзидан узиб еб туриб, мазасидан баҳраманд бўлаверасиз-да.

Кўрдимки, иссиқхона йўналишидаги қулупнайчилик кам экан. Аввалига ўзимизнинг маҳаллий қулупнайларни экиб кўпайтирдим, лекин натижага эриша олмадим. Кейин эса чет эл тажрибасини ўргана бошладим. Ҳовлимга иссиқхона қурдим.

Ҳожиакбар Носиров

Ўрганиб-ўрганиб, мана, икки йилдирки, ердан баландда, гидропоника усулида иш бошладим. Оилам, рўзғор учун уч сотих иссиқхона қилганмиз. Ўғилларим ўқишда, турмуш ўртоғим билан қулупнайларни парваришлаймиз. Ўзбекистон бўйича ҳар битта хонадонда уч сотихдан иссиқхона бўлганда, бирорта камбағал оила қолмаган бўлар эди.

Иссиқхонадан яхши ҳосил олиш учун Жанубий Кореядан келтирилган навларни экиш керак. Чунки айнан Корея навининг ҳосилдорлиги яхши бўлади. Даромадига келсак уч сотих иссиқхонадан сарф-харажатлардан ташқари 110-120 миллион сўм соф фойда қолади. Битта оилага бемалол даромад манбайи бўлади-да. Шу кунларда 1 кг қулупнайни уйимизнинг ўзидан 200-220 минг сўмдан олиб кетишяпти. Бизнинг Ангрен шаҳримиз тоғли ҳудуд бўлгани учун ҳар тўрт-беш кунда терамиз. Агар қуёш нури яхши чиқиб турса, ҳар учинчи кун терса бўлади. Иккита иссиқхонамдан бир ярим сотихдан уч сотих бўлса, бир теришда 30 килодан 35 килогача қулупнай йиғиштириб оламиз.

Ер сени бошқарса, сен гидропоникани бошқарасан, деган нақлим бор. Очиқ майдондаги далаларимизда ҳам қулупнайнинг бир неча навларини етиштирамиз. Очиқ майдонларимизни ҳам томчилатиб суғориш усулида бошқаряпмиз.

Бир сўз билан айтганда, томорқамдан, боғимдан йил 12 ой қулупнай узилмайди. Яқин келажакда янги ер олиб, қулупнайчиликни янада ривожлантирмоқчиман”, – дейди Ҳожиакбар Носиров.

Сарвар Зияев
Муаллиф Сарвар Зияев

Мавзуга оид