Жамият | 19:24 / 19.01.2019
39680
5 дақиқада ўқилади

Қулаб кетган балконлар бўйича вазирлик расмий маълумот тарқатди

Уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланишда йўл қўйилаётган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш чоралари кўриб борилмоқда

2019 йил 17 январь куни соат 18.40ларда Тошкент шаҳар, Учтепа тумани, 23 даҳа 20-уйнинг 17, 19, 21, 23, 25 хонадонларининг балконлари тўсатдан қулаб тушгани юзасидан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги​ расмий ахборот тарқатди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Фото: ИИББ матбуот хизмати

​Маълум қилинишича, кўп қаватли уйда яшовчи 25 хонадон эгаси, тегишли ташкилотлардан рухсат олмасдан, таъмирлаш ишларини олиб бориб, хонадоннинг ичкарисида ўзгартишлар қилган. Яъни, хонадоннинг 3-яшаш хонаси билан 4-яшаш хонаси оралиғидаги деворни олиб ташлаб, 4-яшаш хонасига кириш эшигини беркитиб ташлаган. Шу билан биргаликда, хонадон балконини ғишт билан ўраб олган.

Шунингдек, мазкур уйнинг 23 хонадони эгаси 2019 йил январь ойининг бошларида ўз хонадонида тегишли ташкилотлардан рухсат олмасдан таъмирлаш ишларини амалга оширган. Хонадон балкони ғишт билан ўралган бўлиб, таъмирлаш жараёнида ғиштлар олиб ташланган.

«Фуқаролар ўз хонадонларининг ички тузилишини тегишли давлат органларининг рухсатисиз ўзбошимчалик билан ўзгартириши натижасида турар-жойда содир бўладиган чўкишлар, ёриқлар турар жойларнинг техник ҳолатига жиддий зарар етказиб, унинг фойдаланишга яроқсиз қилиб қўйиши натижасида кўп хонадонли турар-жой ёки унинг бир қисмининг қулашига сабаб бўлмоқда»​, –​ дейди Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи​. 

Учтепа туманда юз берган ҳолат натижасида 4-қаватдаги 23-хонадон балкони 5-қаватдаги 25-хонадоннинг ғишт билан ўралган балкони оғирлигини кўтара олмасдан 4, 3, 2 ва 1 - қаватдаги балконларга ҳам зарар етказган ҳолда қулаб тушган. 

Фото: ИИББ матбуот хизмати

«Балконлар қулаб тушган пайтда ҳеч ким жабрланмаган. Ушбу ҳодиса натижасида бирор-бир фуқаро жабрланганида ёки ҳалок бўлганда, ким жавоб берар эди? Содир бўлган ушбу ҳодиса ҳар биримизни сергаклантириши лозим. Ҳар биримиз ушбу ҳодисадан ўзимизга хулоса чиқаришимиз шарт», – дейди вазирлик вакили.

Бугунги кунда республикадаги турар-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан амалга оширилиб келинмоқда.

Инспекция ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида кўп хонадонли уйларни сақлаш ва улардан фойдаланишнинг мавжуд қоида бузилишларини бартараф этиш бўйича мажбурий кўрсатмалар бериши назарда тутилган. 

«Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» президент фармонига асосан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузурида Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига:

кўп хонадонли уй-жой фондини, унга туташ ҳудудларни сақлаш ва ундан фойдаланиш қоидаларига риоя этиш, кўчмас мулк эгаларининг биноларни ўзбошимчалик билан ўзгартиришга йўл қўймаслик;

умумий фойдаланиладиган жойлар, фасадлар, уйларнинг ички муҳандислик коммуникацияларини таъмирлаш-тиклаш ишларини тизимли ўтказиш қоидаларига риоя этиш;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ташкилотлари томонидан тегишли коммунал хизматлар кўрсатишда техник тартибга солиш бўйича меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этиш;

кўп хонадонли уйларда кўчмас мулк эгаларининг мукаммал таъмирлаш ишларини бажариш учун ажратиладиган маблағларидан мақсадли фойдаланишни назорат қилиш каби вазифалар юклатилди.

Маълумот учун, инспекция томонидан 2018 йилда ўрганиб чиқилган жами 12831 та уй-жой фондларида 9758 та ҳолатда кўчмас мулк эгалари томонидан ўзбошимчалик билан бинолар барпо этилганлиги аниқланган. Уларни ихтиёрий равишда бузиш ҳақида уй-жой фонди эгаларига мажбурий кўрсатмалар берилган ва ҳисобот даври охирига қадар шуларнинг 9342 таси ёки 96 фоизи буздирилган, қолганларини мажбурий тартибда буздиришга оид даъво аризалар судларга тақдим этилган. 51 та ҳолатда аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан тўпланган материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга юборилган.

Уй-жой фондларининг техник ҳолатини ўрганиш жараёнида аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан 1899 та айбдор шахсларга нисбатан маъмурий жарималар қўллашга оид материаллар судларга тақдим этилган ва шуларнинг 1381 тасини кўриб чиқиш натижаси бўйича 250,2 млн. сўмлик жарималарни ундиришга оид суд қарорлари қабул қилинган.

Мавзуга оид