Ўзбекистон | 16:01 / 11.09.2024
10602
3 дақиқада ўқилади

Олий суд раис ўринбосари ва Тошкент шаҳар суди раиси қандолат фабрикасини “зиёрат” қилди

Асосий вазифаси одил судловни амалга ошириш бўлган суд-ҳуқуқ соҳаси масъулларининг бу ҳаракати танқидга учради. Судялар одоби кодексига кўра, судя суд ҳокимиятининг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши шарт.

Фото: Учтепа тумани ҳокимлиги

10 сентябр куни Олий суд раиси ўринбосари Шуҳрат Полвонов ҳамда Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Хожақулов пойтахтнинг Учтепа туманида бўлиб, ҳудуддаги 238-сонли умумтаълим мактаби ва “Sofiya Qandolat” фабрикаси фаолияти билан танишган. Бу ҳақда маҳаллий ҳокимлик матбуот хизмати хабар берди.

Уларга туман ҳокими вазифасини бажарувчи Жамшид Олимжонов ҳамроҳлик қилган.

Юқори мартабали судяларнинг бу ҳаракати эътирозларга сабаб бўлди.

Жумладан, ҳуқуқшунос ва блогер Зафарбек Солижонов судя ўз ишини қилиши кераклиги ҳақида ёзди.

Суд жараёнидан бошқа жойда учрашиши фаолиятини шубҳа остига қўядиган мартаба эгалари (ижро қилувчи ҳокимият вакили ва судя) қандолат фабрикасида (эртага суд процесси иштирокчилари бўлиши мумкин бўлган юридик шахс) бирга юрибди. Ўртоқлар, судяларни тинч қўяйлик, илтимос.

Ҳозир айримлар айтиши мумкин, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, таълим даргоҳларидаги реал вазиятни ўрганиш учун юргандир, деб. Ундай бўлмайди, жон дўстлар, тушунайлик. Бу жуда абсурд аргумент, аргумент деб бўлса. Юрганидан фойда йўқ, вазиятни ўзгартироладиган қонун чиқарувчи ёки ижро вакили эмас судя.

Давлатнинг қайсидир сиёсати бўладими, ижронинг қайсидир ваколати, мажбурияти бўладими, фарқи йўқ, судя ўз ишини қилиши керак. Уни бу сиёсатларга аралаштирмаслик шарт”, дея фикр билдирган блогер.

Шуҳрат Полвонов ҳамда Эркин Хожақуловнинг қандолат фабрикасига “зиёрати” Судялар одоби кодексига ҳам тўғри келмайди. Ушбу кодекснинг 2-моддасида судя суд ҳокимиятининг нуфузини туширадиган ва судянинг обрў-эътиборига путур етказадиган ёки унинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши шартлиги қайд этилган.

Шунингдек, “Судлар тўғрисида”ги қонунда судяларга одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Kun.uz ҳолат юзасидан Судялар олий кенгаши ахборот хизмати билан боғланди. Аммо кенгаш ахборот хизмати раҳбари Турсунали Акбаров таҳририят саволларини очиқ қолдирди.

Маълумот учун, Шуҳрат Полвонов Олий суд раисининг ўринбосари – иқтисодий ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси ҳисобланади. У мазкур лавозимга 2022 йил 19 ноябрда сайланган.

Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Хожақулов эса мазкур лавозимда 2021 йил 1 январдан буён ишлаб келади.

Ҳар иккала суд мулозимлари ташриф буюрган завод - Safia бренди остида фаолият юритувчи компания 2021 йил охирида ер участкасига оид низо юзасидан судлашаётгани маълум бўлганди. Суд натижаси жамоатчиликка маълум эмас.

Мавзуга оид