Ўзбекистон | 10:19 / 26.01.2019
13031
4 дақиқада ўқилади

Бюджет ташкилотлари учун янги интерактив хизмат ишга туширилди - Молия вазирлиги

Бюджет ташкилотлари учун янги интерактив хизматлар ишга туширилди, деб хабар бермоқда Молия вазирлиги ахборот хизмати.

Қайд этилишича, Давлат бюджети бош бошқармаси Ахборот ҳисоблаш маркази билан биргаликда Давлат бюджети ижроси жараёнини янада автоматлаштириш, бюджет ташкилотлари ва молия органлари ўртасидаги электрон ҳужжатлар алмашувини таъминлаш ва қоғоз шаклдаги ҳужжатлардан босқичма-босқич воз кечиш юзасидан қатор ишларни амалга оширмоқда.

Хусусан, «UzASBO» дастурий мажмуада бюджет ташкилотлари томонидан харажатлар сметаларини электрон шаклда шакллантириш ва молия органларига тақдим этиш модули ишга туширилди. 

2019 йил учун вақтинчалик харажатлар сметалари бюджет ташкилотлари томонидан электрон шаклда тасдиқланиб, молия органларида рўйхатдан ўтказилди. Бунда ушбу жараён ташкилотларнинг молия органларига келмасдан тўлиқ электрон алоқа орқали амалга оширилди.

Бунда Дастурнинг ўзи автоматлашган тарзда вақтинчалик харажатлар сметаларида назарда тутиладиган маблағлар миқдорини Бюджет кодексининг 104-моддасига мувофиқ, ўтган молия йилининг охирги чорагидаги бюджетдан ажратиладиган маблағлар миқдоридан ортиб кетмаслигини назорат қилади.

Натижада молия органлари томонидан харажатлар сметасини дастурий мажмуага киритиш (15-20 дақиқа), ташкилотларнинг молия органларига келиб кетиши ва бошқа жараёнлар қисқарди.

2019 йилги доимий харажатлар сметалари ҳам шу тартиб асосида электрон шаклда шакллантириш ва рўйхатдан ўтказилади.

Шунингдек, «UzASBO» дастурий мажмуасида бюджет ташкилотларининг тармоқ, штат ва контингентлари бўйича режаси ва унинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни электрон шаклда молия органларига тақдим этишни таъминловчи янги модул ишлаб чиқилди.

Бунда, яратилган дастурда тармоқ, штат ва контингент тўғрисидаги кўрсаткичлар автоматик тарзда жамланиши ҳамда пул маблағлари оқими тўғрисидаги ҳисобот кўрсаткичлари билан таққосланиши натижасида меҳнат сарфи ва ҳар йили юзага келадиган хатоликлар кескин қисқаради.

2018 йил учун ҳисоботлар ушбу дастур ёрдамида ҳақиқий кўрсаткичлар асосида шакллантирилади ва ташкилотларнинг молия органларига келиб ҳисобот топширишига эҳтиёж қолмайди.

Бундан ташқари, бюджет ташкилотларининг штатлар жадвалларини шакллантириш, тасдиқлаш ҳамда молия органларидан рўйхатдан ўтказиш жараёнини автоматлаштириш бўйича ҳам махсус модул ишлаб чиқилди.

Штат жадвалини тузишда қоғоз шаклдаги нормативлардан воз кечилади ҳамда штат бирликлари лавозимларнинг классификатори асосида шаклланади. Бунинг натижасида тасдиқлаш жараёнида ташкилотлар томонидан ортиқча режалаштириш ва ҳисоб-китоблар бўйича йўл қўйиладиган хатоликлар қисқаради.

Биринчи навбатда жорий йилнинг 1 февралига қадар Молия вазирлигининг штат жадвали «UzASBO» дастурий мажмуасида электрон шаклда тасдиқланиши таъминланади.

Дастлабки босқичда мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ҳамда қишлоқ врачлик пунктларининг штатлар жадвалларини (жами бюджет ташкилотларининг 60 фоизи) электрон шаклда рўйхатдан ўтказиш имкони яратилди.

Бунинг натижасида бир хил турдаги ташкилотларда ишловчи ходимларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари ва устамалар миқдорлари бир хиллаштириб, ортиқча тўловлар ҳажми камаяди. 

Дастурий мажмуада бюджет ташкилотлардаги штат бирликларини тўлдирилиши ва бўш ўринлар тўғрисидаги маълумотлар онлайн режимда кузатиш имконияти яратилади.

Мавзуга оид