Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Энди чиқинди хизматларида фақат кўрсатилган хизмат учун тўлов ҳисобланади
2026 йил 1 январдан бошлаб қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб кетиш хизмати учун ҳақ тўлашнинг янги тартиби жорий этилди. Янги тизимга кўра, санитар тозалаш соҳасида истеъмолчилардан фақатгина кўрсатилган хизмат учун тўлов ҳисобланади ва тўловлар онлайн тизимлар орқали амалга оширилади.
Янги онлайн тўлов тартиби қуйидаги афзалликларни бериши қайд этилмоқда:
- исталган жойда ва вақтда тўлов қилиш имкони;
- банкка бориш ва навбатда туришга ҳожат йўқ;
- ҳисоб-китобни осон текшириш ва назорат қилиш;
- тўлов чекларини онлайн юклаб олиш;
- шаффофликни таъминлаш орқали ноқонуний тўлов ундириш, маблағларни ўзлаштириш ҳолатларини чеклаш, яширин иқтисодиёт ва коррупциянинг олдини олиш.
Таъкидланишича, эндиликда аҳоли томонидан чиқинди хизмати учун қилинган тўловлар тўғридан-тўғри санитар корхона ҳисобига эмас, балки Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг махсус ҳисоб рақамига йўналтирилади. Кейинчалик операторларга маҳаллалардан олиб чиқилиб, полигонга жойлаштирилган чиқиндининг тоннаси ҳамда махсус техниканинг юрган километри ҳисобида, яъни фақат амалда кўрсатилган хизмат учун тўлов амалга оширилади.
Шунингдек, ҳар ой санитар корхоналар фаолияти баҳоланиб, улар “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратилиши айтилган. Баҳолаш натижалари ҳақ тўлашда инобатга олинади, сифатсиз хизмат кўрсатганлар жаримага тортилади, зарурат бўлса битим бекор қилиниб, бириктирилган ҳудуд қайтариб олинади.
Маълумотларга кўра:
- ҳозирда 14 та корхона “қизил” тоифага тушган ва жаримага тортилган, уларнинг 2 таси билан битим бекор қилинган;
- амалда кўрсатилмаган хизматлар учун ҳисобланган 11,9 млрд сўм “нореал дебитор қарздорлик” электрон тизимдан чиқарилган;
- «Тоза Макон» ягона электрон биллинг тизимида республика бўйича 9 430 та маҳалла, 7,1 млн абонент ҳамда электрон харитага 3 606 та чиқинди йиғиш жойи киритилган;
- чиқинди ташийдиган 3 230 та (94 фоиз) махсус техника GPS орқали кузатиляпти;
- ҳозирда 846 та чиқинди йиғиш майдончаси ва 645 та техника онлайн кузатув камералари орқали назорат қилинмоқда, 2030 йилгача бу кўрсаткични 100 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Биллинг тизимининг электр тизими билан интеграция қилиниши орқали соҳа рақамлаштирилиб, корхоналардан сифатли хизматни талаб қилишда қўшимча назорат механизми йўлга қўйилгани ҳам қайд этилган.
Мавзуга оид
09:05 / 20.06.2026
Ўзбекистонда хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича лойиҳа амалга оширилади
17:57 / 16.04.2026
Чорвоқда чиқиндилар ноқонуний ташланишига қарши камералар ўрнатилмоқда
15:16 / 13.04.2026
Бўстонлиқ туманидаги «ноқонуний чиқиндихона» бартараф этилди
11:35 / 02.04.2026