Ўзбекистон | 23:56 / 26.01.2019
19553
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарё вилояти ҳокими оролбўйидаги экологик вазиятни яхшилашга ҳисса қўшаётган ҳашарчилар билан учрашди

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида Оролни қутқариш, унинг қуриган ҳудудида ўрмонзорлар барпо этиш, жумладан 2019 йилда 500 минг гектарлик ўрмон яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратганди.

Ҳозирда Оролнинг қуриган майдонида саксовул экиш ишлари қизғин давом этмоқда. Унга Қорақалпоғистон ва республикамизнинг барча вилоятларидан жами мингдан ортиқ ишчи, 549 техника, 2 самолёт жалб қилинган. Маълумотларга қараганда, шу кунгача бу ерда саксовул экиш учун жами 326 минг 60 гектардан ортиқ ер майдони, 622 минг 500 килограмм саксовул уруғи тайёрланган. Шундан 103 минг 235 гектарига 412 минг 275 килограмм саксовул уруғи экилган. Самолётлар ёрдамида 51 минг 800 гектар ерга 156 минг 600 килограмм саксовул уруғи сепилган.

Бу эзгу ишларда Сурхондарё вилоятидан ҳам 25 та техника ҳамда яқин қишлоқ хўжалиги ва фавқулодда вазиятлар идоралари ходимларидан иборат 60 нафарга яқин малакали мутахассислар жалб этилган бўлиб, улар Оролбўйидаги экологик вазиятни яхшилашга муносиб ҳисса қўшишмоқда.

Кеча Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида бўлган Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Баҳодир Пўлатов ҳашарчилар билан учрашиб, уларнинг унумли меҳнат қилиши учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Уларга вилоятдан олиб борилган турли хилдаги озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

Вилоят ҳокими билан бўлган самимий мулоқот Орол муаммосининг оқибатларини бартараф қилиш, экологик вазиятни яхшилаш, юз бериши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида олиб борилаётган саксовул экиш тадбирларини самарали давом эттиришда ҳашарчиларимизга ғайрат-шижоат бағишлади.

Мавзуга оид