Орол денгизи сатҳи 1960 йиллардан бошлаб пасая бошлади. 1989 йилда денгиз иккита алоҳида сув ҳавзасига - Шимолий (Қозоғистонда) ва Жанубий (Ўзбекистонда) Орол денгизига бўлинди. Денгизнинг қуриши бутун Марказий Осиё учун экологик ҳалокатга айланди ва минтақа давлатларига жиддий ижтимоий-иқтисодий зарар етказди.

Орол денгизининг қуриши йигирманчи асрдаги энг катта экологик муаммоларидан бири бўлди. Денгиз қуриган сари унинг оқибатлари ортиб борди: Оролбўйи минтақаларида экологик барқарорлик буткул издан чиққани, ернинг шўрланиш даражаси ортиб кетгани, ҳайвонот ва наботот олами кескин камайиши, турли касалликлар кўпайиши каби муаммолар нафақат Ўзбекистон, қўшни давлатларга ҳам хавф туғдира бошлади.

Оролни қутқариш борасида халқаро минбарларда гапирилди, ҳар хил фондлар тузилиб, турли хил фаразлар илгари сурилди. Аммо ҳадеганда амалий ишларга ўтилавермади.

Шавкат Мирзиёев 2017 йил 12 сентябрда БМТнинг Нью-Йоркдаги бош штаб-квартирасида чиқиш қилган ва 5 та, хусусан Оролбўйи муаммосига эътиборни ошириш таклифини илгари сурганди. 2018 йилда Оролбўйи минтақасида инсонлар хавфсизлиги бўйича кўп шериклик асосидаги Траст фонди фаолият бошлади.

2020 йилнинг 23 сентябрь куни давлат раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида нутқ сўзлади ҳамда глобал иқлим ўзгаришлари ва Оролбўйи ҳудудидаги вазиятга яна тўхталиб ўтди. Президент нутқида Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этган эди. 2021 йилнинг 18 май куни БМТ Бош ассамблеяси 75-сессиясининг ялпи мажлисида Шавкат Мирзиёевнинг таклифига кўра Орол денгизи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция бир овоздан қабул қилинди.

Шу тариқа Орол денгизининг қуриган туби “фронт”га айланди: республиканинг барча ҳудудларидан махсус техникалар жалб этилиб, яшил қопламалар барпо этишга киришилди. Хусусан, 2018-2021 йиллар мобайнида денгизнинг қуриган тубида 1,7 млн гектар майдонда саксовул, черкез, қандим каби шўрга ва қурғоқчиликка чидамли ўсимликлардан иборат яшил қопламалар барпо қилинди. Олимларнинг маълумотларига кўра, қуриган денгиз ҳудудида барпо этиладиган саксовулзор шамол тезлигини сезиларли даражада камайтиради ва қум кўчишларига барҳам беради. Бундан ташқари, дарахт ва бута турлари ҳавони тозалаш хусусиятига ҳам эга.