Жамият | 16:10 / 27.01.2019
25913
5 дақиқада ўқилади

«Даволаниш учун ҳовлимизнинг ярмини сотдик». Буйрак операциясига муҳтож андижонлик Азизбекка ёрдам зарур

Оғир бемор бўлган кишиларда яшаш учун умид учқунлари сақланиб қолади. Дарди оғир эканлигини, жарроҳлик амалиёти катта маблағ эвазига амалга ошишини билганидан сўнг имконияти етарли бўлмаса, бошқа инсонлардан кўмак сўрайди. Чунки унинг ҳам соғайиши ва фарзандлари камолини кўриб, халққа хизмат қилишдан умиди бор.

Андижон вилояти, Олтинкўл тумани Далварзин қишлоғи, Далварзин маҳалласида яшовчи Азизбек Қурбоновнинг турмуш ўртоғи Маҳлиёхон эрининг оғир касаллиги бўйича мурожаат қилгач, манзилга бориб унинг ҳолати билан танишдик. 

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Бемор ўта оғир буйрак етишмовчилиги билан касалланган.

Унинг диагнози: Сурункали гломерулонефрит қўзғалиш даври, иккиламчи невросклероз. Сурункали буйрак касаллиги V-D босқич. Гипотония. Асорати: СБЕ IV босқич.

Азизбекда бундан икки йил олдин ҳолсизлик, бош оғриғи, энтикиш, юрак ўйнаши каби дардлар пайдо бўлади. Уни Андижон Тиббиёт институти клиник шифохонасида текшириб, юқоридаги диагнозни, оддий қилиб айтганда – “буйрак қуриши” дардига чалинганини айтишган.   

“Ўша пайтдан бошлаб касаллик билан курашишни бошладик. Эрим турли дори-дармонлар қабул қилади. Тизимли равишда гемодиализ оляпмиз. Афсуски, мазкур касалликни жарроҳлик йўли билан даволаш мумкинлигини эртароқ билмадик. Ўша пайтда ҳарқалай маблағимиз бор эди. Энди дард борган сари кучайиб бормоқда. Қони ҳам 3,7га тушиб қолган. Ҳар ҳафта “диализ” олади. Диализ бепул бўлгани билан муолажа пайтида керак бўлган дори-дармонлар учун ҳафтасига 200 минг сўм атрофида маблағ кетади. Аҳвол оғирлашгач, уколларни катетер орқали қуйишяпти. Қон босими борган сари пасайиб бормоқда. Энди буйракни алмаштириш учун жарроҳлик операциясига маблағ зарур. Акаси Авазбек ўз буйрагини беришга рози бўлди.  Даволаш учун ҳовлимизнинг ярмини сотдик.  Операцияга маблағимиз йўқ. Сизларнинг нашрингиз орқали иложсиз қолган беморларнинг даволаниши учун хайрияга маблағ йиғилаётганини эшитиб мурожаат қилдим. Бор умидимиз саховатли инсонлардан”, дейди аёли Маҳлиёхон.

Азизбек ва Маҳлиёхонларнинг бир нафар ўғил фарзанди бор. Уч ёшли Дилёрбек ҳам шамоллаган экан. Иситмаси борлиги учун болакайни тасвирга тушира олмадик.

 Шу кунгача кўплаб умид илинжидаги беморлар эҳсонли кишилар ёрдами билан шифо топдилар.

Азизбекка ҳам савоб истаган инсонлардан кўмак сўраймиз. Азизбекнинг аёли Маҳлиёхон ва ўғли Дилёрбеклар жигарининг соғайишига умид боғлаган. Уларнинг бахтли яшашлари учун ҳиссамизни қўшайлик.

 Ўйлаймизки, саховатли инсонлар ушбу мақоламизни беэътибор қолдирмайдилар.      

Телефон: 998 91 476 59 71

Қурбонов Азизбек номига очилган карта:

Click/PayMe: 8600 0417 3674 0219 (Agrobank)

МФО: 00049

ИНН: 200255334

Нақд пул тўловлари учун: 2311 6000 3000000 49500

Пул ўтказиш йўли билан тўловлар учун: 2312 0000 8000 00049500

Виза карта: 4231 2000 0079 7257(Mahliyoxon Kurbanova, хотини)

Элмурод Эрматов тайёрлади.


Ҳурматли "UZCARD" карточка эгалари! "UZCARD" тизими сизни огоҳлантиради!

Ҳеч кимга ва ҳар қандай вазиятда пластик картангизга тааллуқли маълумотларни, айниқса телефон рақамингизга кирувчи СМС хабарларни (масалан, То'lovni tasdiqlash kodi: 123456. Kodni hech kimga bermang" ёки "Код oplati. Nikomu ne soobshayte etot kod. 123456") ошкор қилманг. Сизга ёрдам пулини пластик карточкасидан ўтказиб бераётган номаълум шахс телефон орқали мурожаат қилиб мобил телефонингизга келиб тушаётган СМС — кодлар тўғрисидаги маълумотларни билмоқчи бўлаётганини сезган бўлсангиз, билингки ушбу шахс фирибгарлик йўли билан карточка ҳисоб рақамингиздаги пул маблағларини ўғирлашга уринмоқда. Агар карта ҳисоб рақамингиздан пул маблағлари ўғирланаётганини сезган бўлсангиз дарҳол карточкангизни олган банкингизга картани блоклаш учун мурожаат қилишингиз ёки ушбу амалиётни бевосита ўзингиз мобил ёки веб иловада бажаришингиз мумкин.

Мавзуга оид