Forbes нашри ўз анъанасига содиқ қолган ҳолда 2019 йил аввалида турли соҳалар кесимида америкалик ва канадалик ёшларнинг ўттизталик рўйхатларини эълон қилди.

Эътиборингизга ҳуқуқ ва сиёсат соҳаларидаги кучли ўн бешталик рўйхатини тақдим этгандик.

Энди эса навбат илм-фан соҳасидаги ўн беш нафар умидли олимларга етиб келди. Улар билан танишинг:

Маҳмуд Ориф Павел

Маҳмуд Ориф Павел, 29 ёшда. Докторант, Скриппс тадқиқот лойиҳаси. Маҳмуд Павел танадаги ион каналлари (ўзининг айтишича, улар "ҳаётнинг фундаментал сенсорлари") устида тадқиқот олиб боради. Унинг тадқиқот иши анестезия амалиётини янада хавфсизлаштириши билан бирга ион каналлари орқали автосомал полицистик буйрак касаллигига ҳам янги муолажа усулларини топишда қўл келади.

Жули Блисс Мюллен

Жули Блисс Мюллен, 28 ёшда. Aclarity Water компаниясининг асосчиларидан бири. Aclarity электрнинг паст даражали кучидан фойдаланиб сувни тозаловчи қурилмаларни ишлаб чиқаради. Бу кашфиёт сувдаги металларни ҳам бирор фильтр ёки кимёвий моддаларсиз йўқотади.

Ава Картер

Ава Картер, 27 ёшда. Фан доктори, Стэнфорд университети. Картер эпигеном - организм ҳаётининг у ёки бу нуқталарида генлар иштироки назоратини ўрганади.

Кевин Чен

Кевин Чен, 29 ёшда. Фан доктори, Ҳарвард университети. Кевин Чен ҳашаротлар ҳажмидаги роботларни ясайди. У ҳозир табиий офатлар пайтида бир-бири билан алоқага чиқиб, қутқарув ишларини амалга ошира оладиган роботлар устида ишламоқда.