Жаҳон | 08:40 / 27.01.2019
4811
2 дақиқада ўқилади

Жазоир президенти лавозимига 100 дан кўпроқ киши курашиш истагини билдирди 

Фото: РИА Новости / Надим Зуауи

Жазоирда 2019 йил апрелда ўтадиган президент сайловларида номзод сифатида рўйхатдан ўтишга 100 дан кўпроқ одам ички ишлар вазирлигига ариза топширди. Бу ҳақда вазирликда маълум қилинди.

“Дастлабки натижаларга кўра, вазирликка 101 киши ўз номзодини илгари суриш ҳақида ариза топширган”, дейилган хабарда.

Эҳтимолий номзодларга имзолар тўплаш учун махсус шакллар берилган. Вазирликда таъкидланишича, ариза берувчилардан 13 киши сиёсий партиялар етакчилари, қолган 88 нафари мустақил номзодлар ҳисобланади.

Аввалроқ “Жамиятнинг тинчлик учун ҳаракати” вакиллари ўз етакчиси Абдураззоқ Макрийнинг номзодини илгари суришгани, шунингдек, президент сайловларида иштирок этиш истагини собиқ бош вазир Али Банфлис ва истеъфодаги армия генерали Али Қодирий билдиргани маълум қилинган.

Жазоирда президент сайловлари 18 апрелда бўлиб ўтади. Қонунга кўра, президент лавозимига номзодлар сайлов комиссиясида 4 мартгача рўйхатдан ўтишлари керак бўлади.

Жазоирни 1999 йилдан бери бошқариб келаётган амалдаги президент Абдулазиз Бутафлиқа ҳозирча ўз номзодини илгари суриши ҳақида эълон қилмаган. 

Мавзуга оид