Ўзбекистон | 07:24
524
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг Жазоирдаги биринчи элчиси тайинланди

Ўзбекистоннинг Жазоирдаги биринчи элчиси Мансур Қиличев 4 май куни Жазоир ташқи ишлар, хориждаги ватандошлар ва Африка ишлари вазири Аҳмад Аттафга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди. Элчининг қароргоҳи Мисрнинг Қоҳира шаҳрида жойлашган.

Фото: Дунё

Қисқа маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбатда томонлар Ўзбекистон ва Жазоир ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди. Жазоир ташқи ишлар вазири Аҳмад Аттаф сиёсий алоқалар даражасини юқори баҳолаб, савдо-иқтисодий ва бошқа йўналишлардаги ҳамкорликни чуқурлаштириш муҳимлигини таъкидлади.

Аҳмад Аттаф 50 миллион аҳолига эга Жазоирда Ўзбекистон тўқимачилик компаниялари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, кейинчалик маҳсулотни Африка бозорига божсиз экспорт қилиши мумкинлигини билдирди. Шунингдек, у мамлакат иқтисодий зоналарида савдо уйлари, омборхоналар ва кўргазма залларини ташкил этиш, ишбилармонлар кенгашини шакллантириш ҳамда ҳукуматлараро комиссия фаолиятини йўлга қўйишни таклиф қилди.

Суҳбатда таълим, тиббиёт ва парламентлараро ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Аҳмад Аттаф президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва мамлакат тараққиётини юқори баҳолашини билдирган.

Учрашув якунида Жазоир ташқи ишлар вазири Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг мамлакатга ташрифини кутаётганини маълум қилиб, ҳамкасбига самимий саломини етказишни сўради. Шунингдек, у Ўзбекистон элчисининг Жазоирдаги фаолияти учун барча зарур шароитларни яратиш ва амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

47 ёшли Мансур Қиличев Тошкент давлат шарқшунослик университети битирувчиси ҳисобланади. У 2002 йилдан буён Ташқи ишлар вазирлиги тизимида ишлаб келмоқда ва Саудия Арабистони ҳамда Дубайдаги дипломатик ваколатхоналарда фаолият юритган. 2021 йил октябридан буён эса Ўзбекистоннинг Мисрдаги фавқулодда ва мухтор элчиси ҳисобланади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид