Жамият | 20:12 / 30.01.2019
15525
2 дақиқада ўқилади

Давлат хизматлари маркази яна биттага кўпайди, бу сафар Жиззахда

Жиззах вилояти Мирзачўл туманида янги замонавий Давлат хизматлари маркази ўз эшикларнини очди. Мазкур туманнинг 51 мингдан ортиқ аҳолиси энди қулай ва сифатли давлат хизматларини олиш имконига эга. Вилоятга ташриф буюрган Президент Шавкат Мирзиёев бу ерда яратилган шарт-шароитлар билан танишди, дея хабар беради Давлат хизматлари агентлиги матбуот хизмати. 

Юқори хизмат кўрсатиш стандартлари, давлат хизматларини олиш тартибини соддалаштириш ва тезкорлик, фуқароларни кутиш вақти унумли ўтишини таъминлаш —Давлат хизматлари марказлари фаолиятини ташкиллаштиришда буларнинг барчасига алоҳида эътибор қаратилади.

Анъанага кўра, ҳар бир очилаётган Давлат хизматлари маркази аввалгисидан қўшимча яратилган шароитлар ва жорий этиладиган ва синов тариқасида кўрсатиладиган янги хизматлар билан фарқланади. Мирзачўл тумани маркази ушбу анъанани давом эттирди.

Навбати келгунча фуқаролар марказдаги кутубхонада қизиқарли китоб ўқиши, болалар эса махсус жиҳозланган майдончада вақтини ўтказиши мумкин. Бундан ташқари, марказнинг ўзида “Бахт уйи”, туман адлия бўлими, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси ҳам жойлашган.

Шунингдек, марказ эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш, фуқаролик паспортини олиш ва алмаштириш учун зарур бўлган техника билан жиҳозланган. Барча хизматлар электрон навбат тартибида кўрсатилади.

2019 йил Ўзбекистонда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилинди. Мазкур номланиш барча соҳаларда амалга оширилиши лозим бўлган мезонларни белгилайди. Давлат хизматлари тизими ҳам бу жараёндан четда қолгани йўқ. Илк бор янги марказда ташкил этилган инвесторлар учун ташкил этилган махсус хона — бунинг яққол мисолидир. Бу ерда тадбиркорлар юридик шахсларга кўрсатилаётган хизматлар, имтиёзлар, Ўзбекистонда бизнесни очишнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида батафсил маълумот олишлари мумкин.

Мавзуга оид