Жамият | 20:41 / 30.01.2019
132704
7 дақиқада ўқилади

Сергелидаги уй-жойлар нархи нега қимматлашди?

Kun.uz таҳририятига уй-жой масаласида кўплаб мурожаатлар келиб тушиши давом этмоқда. Сўнгги вақтларда берилаётган мурожаатлардан аксар қисми Тошкент шаҳри, Сергели туманида олиб борилаётган қурилишларга алоқадор.

Кўпчиликка маълумки, 2016 йил 22 ноябрдаги «2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни халқимиз хурсандчилик билан кутиб олган эди. Аммо, кўп вақт ўтмасдан бу уйларнинг нархлари кескин оширилди. Бу эса кўплаб эътироз ва норозиликларга сабаб бўлди.

Шу омиллар сабаб, Kun.uz гуруҳи арзон уй-жойлар ҳудуди томон йўлга отланди. Шикоятчилар билан учрашувда бундай эътирозларга кўплаб мисолларга гувоҳ бўлдик.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

«Президентнинг совғаси дейишганди, энди эса пул тўла дейишяпти»

«Февраль ва март ойларида тўловларни ҳамма ўз вақтида тўлаб борган. У вақтлар 2.880.000 сўмдан эди. У вақтларда уйларнинг иккинчи ва учинчи қаватлари битиб бўлганди. Айни вақтга келиб бизнинг уй нархи квадратига тахминан 1 миллион 100 минг сўмга ошган. Аввал 160 миллион сўмга тушаётган бўлса, ҳозирда бу уйнинг нархи 240 миллионга етган. Бу таннархи ҳали. Олдин фоизлари билан 240 миллион сўмга тушар эди. Ҳозир фоизи билан ҳисобласа, нарх 700-800 миллионларга айланиб кетади-ку? Ўртача бир ойга тўланадиган пул 1,5 миллон сўмга тушмоқда. 3 йилдан кейин бу 2 миллиондан ошади. Нарх кўтарилишига сабаб сифатида қурилиш материаллари қимматлашганини айтишмоқда. Ахир, уларга солиқ бўйича имтиёзлар ва бошқа енгилликлар берилган-ку?», дейди шикоятчи Акмал Рустамов.

«Уйнинг нархи қурилишлар ишлари якунланганидан кейин ошди. Нарх ошгани ғиштга ёки бошқа зарур қурилиш материлларига таъсир ўтказмади. Уйлар қурилиб бўлган эди. Фақат пардоз ишлари қолганида нархлар қимматлашмадими, ахир? Шу нарсалар учун нарх бунчалик ошиб кетмайди-ку?! Унинг устига ичлари ғишт эмас, гипсокартон бўлса?», дейди Гулчеҳра Жўраева.

«Нарх қимматлигига яраша уйнинг сифати ҳам шунга яраша бўлиши керак. Эшик яхши ёпилмайди. Кўп жойини қайтадан қилдик. Қурувчиларни чақириб айтсак, «биз берганини қўямиз», дейишади. Доим ҳаммаси зўр деб, кўрсатишади. Габариди катта уйларни кўрсатишади. Ёлғон билан иш юритишми бу?», дейди кекса мурожаатчи Дилобар Айюпова.

«Бизни ҳеч ким огоҳлантирмади. Мен аввал бу масалада порталга ёзгандим. Портал ҳокимиятга, ҳокимият банкка, банк инвестга жўнатди. Улар бизга аввалги нархни тахминий нарх деб айтишди. Бизни ҳеч ким огоҳлантирмаганди-ку? Шундай ҳам буни қарз олиб тўлаганман дедим. Яна бир гап, бизга аввал ошхона жиҳозларини «Президент совғаси» дейишган эди. Ҳозир қарасак, 6 миллион сўм нарх чиқариб, уйнинг нархига қўшиб қўйган», дейди Шаҳноза Азизова.

«Қурилиш бўлаётган вақтда тўловлар бўлган. Ўша вақтда материаллар олиб бўлинган. Энди эса янги нархлар билан ҳисоб-китоб қилиниши керакми? Лифт бир кун ишласа, икки кун ишламайди. Олтинчи қаватгача пиёда чиқамиз», дейди улардан яна бири.

«Мен 2-гуруҳ ногирони бўлган қизимга уй олиб бердим. Ҳали кўчириб олиб келолмайман. Қурилиш сифати яхши эмас. Уй қулфлари ҳам ёмон ҳолатда. Ҳаммаёқда иш чала бажарилган. Оддий иситиш котёлларига фильтр ҳам йўқ. Шаҳаринвестга борсак, бошлиғи жойида ўтирмайди. Доим мажлисда бўлади. Мажлисда нимани ҳал қилади? Қачонгача мажлисбозлик бўлади? Президентнинг топшириқларини тўлиқ бажаришмайдими? Шунчалик қўрқмайдими булар? Уйимга кетган материалларнинг орадаги вақтлар бўйича фарқини тўғри ҳисоблаб берсин, фарқини тўлаб бераман», дея эътироз билдирди 65 ёшли Қобил Ҳошимов.

Мендан кетгунча, эгасига етгунча

Шикоятчиларнинг эътирозлари фақатгина нарх кўтарилиб кетгани бўйича эмас экан. Ташқаридан кўркли, савлат тўкиб турган уйларнинг сифати ҳақида ҳам эътирозлар билдирилгач, бу хонадонларга кириб кўрдик.

«Менинг уйимдаги эшиклар қанақа сифатда ўзи ҳайронман. Сув теккан эди, шишиб кетди. Киришда эшикни очиб олиш бир азоб. Қаттиқ итариб очиш керак бўлади. Уй қимматлигига яраша сифати шунга яраша бўлиши керак-ку? Бошқа қиммат уйлар билан нархи тенг бўлиб қоляпти, ахир?», дейди Доно Юсупова.

Чиндан ҳам сифат бўйича ҳам камчиликлар етарли экан.

Сифат бўйича масалалар бу алоҳида мавзу дейишингиз мумкин. Лекин, бу сифатдаги уйларни бу нархларга сотиб олиш аҳоли орасида норозиликлар келтириб чиқармоқда. Арзон нархга қурилганда ҳам бу дегани ишлар сифатсиз қилиниши керак дегани эмас, назаримизда.

Мурожаатчиларнинг фикрини эшитдик. Энди иккинчи томонга юзланамиз. Дастлаб, «Ўзшаҳарқурилишинвест» МЧЖ ИК биноси томон йўл олдик.

Бу жойга келганимизда «раҳбарлар жойларга ўрганишга чиқиб кетишгани» маълум бўлди. Мурожаатчилар билан суҳбатни инжиниринг компаниянинг юристи Анвар Раҳимов ўтказди.

«2017 йил 23 октябрда Президентнинг 3350-сонли қарорига кўра, 2018 йил 1 апрелга қадар лойиҳа-смета ҳужжатлари қурилиш билан бирга бажарилиб, тугалланиши белгиланган. Биз қурилишни дастлабки лойиҳа ҳужжатларига асосан бошлаганмиз. Апрель-май ойларида лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизадан ўтказилган. Бир неча уйларнинг экспертиза нархлари чиққан. Қарорга кўра, бошланғич бадални шакллантириш банкларга берилган. Вазирлар Маҳкамасининг 14-сонли қарорига асосан уйни сизга бириктиради. Сўнгра, банкка бориб пулни тўлайсиз. Маблағни шакллантирасиз.

2017 йилда биз хатни ҳокимиятга, банкка ёзганмиз. Тахминан 2018 йил май ойида аниқ нархи чиққан. Квадратига 2 миллион 781 минг сўм бу 2017 йилнинг нархи. Биз нархни ошди деб бермаганмиз. Биз бу нархни 2017 йил учун деб айтганмиз. Биз экспертиза чиқмай туриб қарорга биноан қурилишни бошлаганмиз. 2018 йилда уйларнинг аниқ нархи чиққан. Нимага бунчалик ошиб кетгани ҳужжатларда акс этган», дейди ташкилот юристи.

Бу масала ўтган йил давомида ҳам кўп марта муҳокама қилинганди. Депутатлар, журналистлар бу масалани кўтариб чиқишди. «Арзон уй-жой шу нархда бўлса, қиммати қанақа?», «Нега давлат харажатларида реал нархлар-у, берилаётган ойлик маошларда бундай реаллик кўзга ташланмайди?», деган реал саволлар ўртага ташланди.

Биз ҳам ўзига хос мавҳумлик билан ортга қайтдик. Одамлар нархлар яна ошишидан қўрқиб юрак ҳовучлаб яшамоқда. Бу ҳолат узоқ давом этмаслигига умид қилиб қоламиз.

Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб боради.

Баҳодир Аҳмедов

Мавзуга оид