Ўзбекистонда шаҳарсозлик реновациясига оид қонун қабул қилинди. Энди эски уй-жойлар ва маҳаллалар ўрнида янги турар жойлар, йўллар ва инфратузилма қурилиши мумкин. Аммо реновация деганда одамларнинг хаёлига биринчи навбатда бошқа саволлар келади: қайси уйлар бузилиши, мулкдорлар розилиги ва компенсациялар...

Kun.uz бу борадаги саволлар билан қонун лойиҳаси муаллифи бўлмиш Адлия вазирлигига мурожаат қилди. Саволларимизга вазирликнинг Иқтисодий қонунчилик бошқармаси бўлим бошлиғи Жамшид Мирзаев жавоб берди.

Қонунда реновация учун мулкдорларнинг камида 4/5 қисми розилиги талаб қилиняпти. Агар қолган 1/5 қисми рози бўлмаса, уларнинг мулк ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилинади ва амалда қандай механизм ишлайди?

— “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонунда фуқароларнинг уй-жойи бузилиши учун ўша уйда яшайдиган аҳолининг 4/5 қисми эмас, тўлиқ ҳаммасининг розилиги керак. 4/5 қисми дегани – реновация лойиҳасини ҳокимиятлар томонидан шакллантириладиган рўйхатга киритиш учун бериладиган розилик назарда тутилган.

Уй-жойи бузилиши учун ҳар битта фуқаро билан алоҳида шартнома имзоланади. Уларнинг ҳуқуқлари кафолатланиб, мулкдорларга белгиланган тартибда компенсация берилгандан кейин уй бузилади. Норозилик ҳолатлари бўлиши мумкин, бундай ҳолатларда қонунда алоҳида механизм кўрсатилган: суд орқали реновация ҳудудидаги уйларни бузиш масаласи.

Бунда судялар учун алоҳида мезонлар кўрсатиб ўтилган. Уй жойлашган ҳудуд реновация ҳудудига тўғри келганлиги, фуқаролар яшаб турган уй-жойларнинг авария ҳолати ва ҳаёт учун хавфлилик даражаси юқори бўлганидан келиб чиқиб, судлар томонидан қарор қабул қилинади ва шу тартибда уйлар бузилади. Бунда ҳам фуқаронинг мулк ҳуқуқи таъминланиб, бозор қийматида компенсация тўланади.

Реновацияга тушадиган фақат 2-3 қаватли уйларми ёки 4-5 қаватлилари ҳам борми? Уларнинг дастлабки рўйхати борми, очиқ платформага жойланадими?

— “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонунда алоҳида боб сифатида келтирилган: шаҳарсозлик реновациялари лойиҳаларининг ягона портали бўлади.

Бу портал таклиф этилган ва амалга оширилаётган барча реновация лойиҳаларини қамраб олади. Ташаббус сифатида чиққандан то амалга оширилгунча бўлган ҳамма жараёнлар шу портал орқали рақамли, шаффоф тарзда кўрсатиб ўтилади.