Спорт | 16:25 / 31.01.2019
51031
10 дақиқада ўқилади

Бугун клубини ўзгартириши мумкин бўлган 10 футболчи

Бугун Европада қишки трансферларнинг охирги куни. Англия, Франция, Германия, Италия ва Испаниядаги клублар мавсумнинг иккинчи қисми учун таркибни кучайтириб олиш учун охирги имкониятлардан фойдаланишади. Қуйида бугун клубини алмаштириши мумкин бўлган 10 нафар футболчи ҳақида келтирилади.

1.  Хамес Родригес, «Бавария»

Фото: TF-Images/TF-Images via Getty Images

Колумбиялик футболчи бутун фаолияти давомида мураббийларга қарши курашиб ўтмоқда. Аввалига Рафа Бенитес, кейин Зинедин Зидан, энди Нико Ковач. Bild нашри хабар беришича, футболчи ва мураббий машғулот вақтида жанжаллашиб қолган, Хамес «Бавария»ни шу қишда тарк этиш ҳақида қатъий қарор қабул қилган, у ортиқ Ковач қўли остида футбол ўйнашни истамаяпти. Колумбиялик футболчининг мюнхенликлар клуби билан ижара шартномаси муддати 2019 йил ёзигача, унга амал қилиш керак. Лекин клубга ҳам у ҳозирги кайфиятида керак эмас. У мавсумнинг биринчи қисмида ҳам жамоанинг керакли футболчиси бўлмади. ОАВда ёзилишича, у «Реал»га қайтиши ёки «Арсенал»га ижарага берилиши мумкин.

2. Оливье Жиру, «Челси»

Фото: Chloe Knott — Danehouse/Getty Images

Қишки трансферлар дарчасининг охирги кунларида «Челси» бош мураббийи ҳужум чизиғи ҳақида танқидий фикрлар билдирди. У Азар ҳужум марказида ўйнаши «Челси»нинг бошқа футболчиларига зарар келтираётгани,Игуаиннинг трансфери эса Оливьенинг ўрнига таъсир қилиши ҳақида гапирди. У франциялик бу футболчи учун Хитой клубларидан таклифлар борлиги, аммо унинг ўзи фаолиятини Англияда давом эттиришни ёки Францияга қайтишни истаётганини айтди. Маурисио Сарри ва футболчи ўртасида зиддият борлиги кўриниб турибди, мураббий француз ўзига керакмаслигини очиқ тан олмоқда. Аммо вақт жуда кам қолган.

3. Эден Азар, «Челси»

Фото: Visionhaus/Getty Images

Ушбу бельгиялик футболчининг «Реал»га ўтиши ҳақидаги афсоналар икки йилдан буён давом этмоқда. Азар ҳеч қачон «Реал»га ўтиш истагини яширмаган, аммо у Куртуа каби қатъият ҳам кўрсатмаган. «Реал» ҳам катта пул сарфлашдан тийилиб келмоқда. Лекин энди Азарнинг Лондон клуби билан шартномаси муддати якунланишига 1 йилдан ортиқроқ вақт қолди, у янги шартнома имзолашни истамади. Шундай экан, «Челси» энди уни тезроқ сотиш ҳақида ўйлаши керак, акс ҳолда Европанинг энг кучли футболчиларидан бири 2020 йил ёзида жамоани текинга тарк этиши мумкин. Сарри эса «Борнмут»га қарши ўйиндан кейин футболчи билан боғлиқ вазиятга тўхталди: «Эден 28 ёшда. Агар у жамоадан кетишни истаса, буни ҳозир қилгани маъқул» — бу шуни кўрсатадики, клубдагилар камида шундай  вариантни кўриб чиқмоқда. Қолаверса, мураббий бир ҳафта олдин ҳам футболчини танқид қилган, у жамоанинг асосий футболчиси эмаслигини айтганди. Бельгиялик футболчи унга шундай жавоб қайтарди: «Менга у нима дейишининг фарқи йўқ, унинг сўзлари аҳамиятга эга эмас. Мен ўз футболимни ўйнашда давом этаман».

4. Зе Луиш, «Спартак»

Фото: Алёна Сахарова, «Чемпионат»

Футболчининг ўзи кетишни истамоқда, «Спартак» президенти Леонид Федун эса трансфер ҳақида бошқача фикрда. Зе жамоасини ўзгартириши ҳақиқатга яқин. Лекин «Спартак»дан исталган юришни кутиш мумкин. «Биз таклифни кўриб чиқишимиз учун пул билан кўмишлари керак», — деган Федун. Футболчига талабгор бўлган «Галатасарой» ҳозирча аниқ таклиф бергани йўқ. Балки турклар клуби ўлим қуролини тайёрлаётгандир? Яъни, пулни.

5. Янник Феррейра Карраско, «Далянь Ифан»

Фото: Cees van Hoogdalem/Soccrates /Getty Images

Хитойдаги ёқимсиз саргузаштлар, муштлашув ва полиция терговидан кейин Янник бу мамлакатдан кетишни истаётгани аниқ. Ҳозир айни вақти: Хитойда мавсумлар оралиғидаги танаффус яна бир ой давом этади, клуби уни ушлаб туролмайди. Айни вақтда «Интер»дан таклиф ҳақида миш-мишлар бор, миланликлар уни Антонио Кандревага алмашмоқчи, шунингдек, «Арсенал» томонидан жиддий қизиқиш мавжуд, аммо Карраско ҳозирча «Далянь Ифан» футболчиси ҳисобланади.

6. Сардор Озмун, «Рубин»

Фото: РИА Новости

«Рубин»даги молиявий ҳолат шундайки, клуб етакчи футболчиларини сотишга мажбур. Озмун – яхши актив, унинг Осиё Кубогидаги муваффақиятли иштирокидан кейин қатор таклифлар пайдо бўлган ва қозонликлар унинг трансферидан камида яхшигина маблағ ишлаб олишлари мумкин. Айни вақтда унга «Вулверҳэмптон», «Байер» ва «Андерлехт» клубларидан таклифлар мавжуд. Шунингдек, «Зенит» «ПСЖ»га трансфер қилинган Паредес ўрнини Азмун билан тўлдирмоқчи. Эронлик бу 24 ёшли футболчи Россия чемпионати билан яхши таниш, «Зенит»ни бу тўла қониқтиради. Питерликлар футболчи учун 10 млн евро тўлашга тайёр. «Вулверҳэмптон» эса футболчини 2 млн евро эвазига мавсум охирига ижарага олиб, кейинроқ уни 13 млн евро эвазига трансфер қилмоқчи.

7. Адриен Рабьо, «ПСЖ»

Фото: Julien Mattia/NurPhoto via Getty Images

Рабьо футбол ўйнамаяпти, асосий жамоа билан машғулотларда иштирок этмаяпти ва шартномани узайтирмаяпти. Барчаси жуда мураккаб. Худди шундай вақтда у ўзига янги жамоа танлаш билан банд, лекин унинг талаблари юқори. Унга агентлик қилувчи онаси ёзда эркин агентга айланадиган ўғли шартномага рози бўлиши учун 10 млн евро миқдорида бонус (кўтарма пули) ва йилига 10 млн евро миқдорида маош талаб қилмоқда. Рабьо «Тоттенҳэм» таклифини рад этиб бўлди, унга Маурисио Почеттинонинг шахсан ўзи қизиқиш билдирганди. «Барселона» билан музокаралар эса каталонияликлар Френки де Йонгни трансфер қилиши туфайли тўхтаб қолди. Рабьога «Челси», «Ливерпуль» ва «Бавария» каби клублардан ҳам қизиқишлар мавжуд.

«ПСЖ» футболчисини сотишга ва қанчадир миқдорда маблағ ишлаб олишга қарши бўлмайди: акс ҳолда у ёзда текинга кетиши мумкин. Лекин «ПСЖ» принцип кўрсатиб, уни мавсум якунигача ўринбосарлар таркибида қолдириши ҳам мумкин.

Қолаверса, шу кунларда футболчининг отаси узоқ вақт давом этган хасталикдан кейин вафот этди ва бу Адриеннинг режаларини ўзгартириб юбориши ҳам мумкин.

8. Месут Ўзил, «Арсенал»

Фото: Chloe Knott — Danehouse/Getty Images

Германия терма жамоасини можаро билан тарк этган футболчининг фаолиятида оғир дамлар давом этмоқда. Ўзил лондонликлар клубининг янги бош мураббийи Унаи Эмери билан чиқиша олмади, футболчи ва мураббий «Челси»да бўлгани каби бир-бирини ОАВ орқали айбламаяпти, аммо мураббий футболчини қатор ўйинларда «тактик сабаб» туфайли заявкага ҳам киритмади. Бу эса матбуотдаги ҳар қандай баёнотлардан ҳам оғриқли. Ўзилга янги жамоа керак, аммо у ижарага кетишни истамаяпти. «ПСЖ» эса уни жароҳат туфайли сафдан чиққан Неймарга ўринбосар сифатида кўрмоқда ва «Арсенал»га мавсум охирига қадар ижара бўйича таклиф йўлланган.

9. Жоау Миранда, «Интер»

Фото: TF-Images/TF-Images via Getty Images

Бразилия термасининг собиқ сардори, «Интер» ҳимоясининг собиқ алмаштириб бўлмас футболчиси жорий мавсумда асосий таркибда ўйнаш нималигини унутди. Ўйин амалиёти йўқлиги туфайли у клуб раҳбариятидан ўзини трансферга қўйишни сўраган. Мирандага «Вест Ҳэм» ва «Рома»дан ижара бўйича таклифлар бор, аммо «Интер» ёзда шартномаси муддати якунланадиган футболчисини ижарага бермоқчи эмас ва сотиб олиш бўйича таклифларни кутмоқда.

10. Миши Батшуайи, «Валенсия»

Фото: David S. Bustamante/Soccrates/Getty Images


Бельгиялик футболчининг ижарама-ижара юриши давом этади. «Валенсия»да Батшуайи ўзини кўрсата олмади: у Испания чемпионатида атиги битта гол урган, октябрь ойидан бери стартда кўриниш бермаган. «Валенсия» уни «Челси»га қайтаришга қаршимас, аммо лондонликлар уни ўйнатмоқчи эмас. Мишига АПЛнинг бир қатор клубларидан таклифлар бор, жумладан, «Эвертон»дан. Лекин бу клублар футболчини трансфер қилиши учун ҳам «Валенсия», ҳам «Челси» билан келишиши керак, вақт эса оз қолмоқда.

Мавзуга оид