Трансфер бозори очилганда у ёки бу футболчининг бошқа жамоага ўтиши ҳақидаги хабарлардан ташқари, молиявий fair play мавзуси ҳам долзарб бўлиб қолади. «Барселона», «МЮ», «Арсенал» каби клубларнинг трансфер бозорида фаол бўлиш учун халақит берувчи омил сифатида ҳам турли чекловлар ҳақида ўқиб қоламиз. Шу ўринда савол туғилади, нега «Челси» сўнгги йилларда юз миллионлаб пул сарфлаб футболчилар сотиб олаётган бўлса-да, бу борада муаммога учрамаяпти? Охирги тўрт йилда 1,4 миллиард еврога футболчи сотиб олган лондонликлар қандай қилиб омон чиқмоқда?

Қуйида трансферлардаги рақамлар оламига бироз сайр қилиб, шу тарздаги хабарлар ортида нималар борлиги кўриб чиқилади.

Узоқ муддатли шартномалар

Аввало, биз футболдаги амортизация тушунчасини англаб олишимиз керак. Ҳар қандай футболчи сотиб олинганда трансфер учун тўланган сумма у билан тузилган шартнома муддатига тенг тақсимлаб юборилади. Футболчининг амортизация суммаси эса ўша сочиб юборилган трансфер суммасининг шартнома муддатининг ўтган қисмида чегирилган қисмидир. Унинг баланс қиймати эса шартнома муддатининг ўтмаган қисмидаги харажатлар, яъни амортизация қилинмаган қисмидир. 

Тушунарли бўлиш учун аниқ мисолда кўриб чиқамиз. Ромео Лавияни олайлик. У 2023 йил ёзида «Саутҳэмптон»дан 62 миллион евро эвазига ўтди. Шартнома муддати 2030 йилгача. Маоши йилига 2,5 миллион евро деб белгиланган.

Демак, Лавия учун сарфланган трансфер харажати биринчи йил учун атиги 8,8 миллион еврони ташкил этади, холос. Қоғозда катта суммадаги харид сифатида кўрингани билан молиявий ҳисоботларда «Челси» 2023 йилда Ромео Лавия учун маошлари билан 8,8+2,5=11,3 миллион евро сарфлаган бўлади.

Бу ерда Боулининг узоқ муддатли шартномалар бўйича манёврлари ўртага чиқади, масалан, 80 миллион еврога сотиб олинган футболчи билан 8 йиллик шартнома имзоланса («Челси» кўп ёш футболчилар билан шунақа муддатга шартномалар имзолади), унинг трансфер харажати – бир йил учун 10 миллиондан тушади. Агар янги футболчи билан 4 йиллик шартнома имзоланганда, ҳар йил учун 20 миллион харажат қўшиларди. Боули мана шундай шартномалар орқали трансфер суммасини сочиб юбормоқда, бу тушунарли.

Албатта, бу усулда танганинг бошқа томони бор. Футболчининг шартнома муддати катта бўлгани учун амортизация суммаси кичик, демак Лавиянинг балансдаги нарх пасайиши нисбатан секин рўй беради. Бу эса футболчини сотиш орқали фойда қилиш имкониятини пасайтиради. Яна мисол келтирамиз.

Айтайлик, «Челси» Лавияни уч йил ўтиб сотишга қарор қилди. Ўша пайтда Лавиянинг амортизация чегирилган баланс қиймати 62-(8,8+8,8+8,8) = 35,6 миллион еврони ташкил қилади. «Челси» Лавияни сотишдан зиён кўрмаслиги учун камида шу нархга сотишга мажбур. Агар Лавия билан 4 йиллик шартнома имзоланган бўлганида, унинг ҳар йиллик амортизацияси 15,5 миллион евро бўлар, уч йилдан кейинги баланс қиймати эса 62 – (15,5+15,5+15,5) = 16,1 миллионга еврога тенг бўларди. Клуб тахминан 20 миллион еврога сотиб ҳам Лавия трансферини фойда сифатида акс эттира оларди.