Жамият | 16:31 / 31.01.2019
35099
5 дақиқада ўқилади

Намангандаги каналдан эркак кишининг жасади топилди. Бош прокуратура расмий маълумот берди

Иллюстратив фото/KUN.UZ

Наманган вилояти Чортоқ тумани, Узункўча МФЙ, Ёшлик кўчасида яшовчи К. 2019 йил 25 январь куни туман прокурори номига ариза билан мурожаат қилган, деб хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонова Kun.uz’га.

Унда ўзи билан бирга яшовчи, 1989 йилда туғилган ўғли Д.К. 2019 йил 18 январь куни соат 19:00да яшаш хонадонидан номаълум томонга чиқиб кетиб, қайтиб келмасдан бедарак йўқолганлигини баён қилиб, уни қидириб топишда ёрдам беришни сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текшириш давомида қуйидагилар аниқланган.

Хусусан, Д.К. амакисининг ўғли, 1992 йилда туғилган В.К. билан ўзаро жанжаллашиб келиб, ўрталарида шахсий адоват вужудга келиши натижасида Д.К. ушбу низони ҳал этиш мақсадида, 2019 йил 18 январь куни спиртли ичимлик истеъмол қилиб, турмуш ўртоғи Ю.Н. билан уйида ўзаро жанжаллашган.

Бундан хабар топган В.К. телефон орқали Д.К.ни ўзини яшаш хонадони, яъни Чортоқ тумани, Оқтерак МФЙ, Навбаҳор кўчаси, 23-уйига чақириб, ўзи Д.К. келгунига қадар холасининг ўғли Т.М. темир болтани берган.

Д.К. эса унинг яшаш хонадонига келиб, жанжал қилиши билан унинг бош қисмига болта билан қасддан уриши ҳақида кўрсатма берган.

Шу куни соат 21:30ларда Д.К. яқин қариндоши бўлган амакиси К.Х. уйига келиб, турмуш ўртоғи Н.Ю. ва В.К. ўртасидаги муносабатларни Х.К. билан муҳокама қилаётган вақтида В.К. ҳам уларнинг ўзаро жанжалига аралашган вақтида, М.Т. унинг орқасидан келиб, қўлидаги темир болта билан Д.К.нинг бошига бир марта қасддан урган.

Д.К. мувозанатини йўқотгандан сўнг Х.К. болтани олиб, Д.К. бошига болта билан 2 марта урган.

Д.К. ерга йиқилгандан сўнг, В.К. келиб Д.К.нинг бош қисмига қасддан тепган, натижада Д.К. воқеа жойида вафот этган.

Шундан сўнг, В.К. ва М.Т. жиноят изларини яшириш мақсадида Д.К.ни жасадини кўрпага ва полиэтилен целофанга ўраб, отаси Х.К.га тегишли “Ласетти” русумли автомашинасининг юкхонасига юклаб, Наманган шаҳар, Машад МФЙ ҳудудидан оқиб ўтган “Шимолий Фарғона канали”га ташлаб юборишган.

Шунингдек, жиноятни содир этилишида фойдаланилган темир болтани Чортоқ тумани, Гулшан МФЙ ҳудудидан оқиб ўтган “Чортоқ сой” ариғи қирғоғига ташлаб юборишган.  

Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 26 январь куни туман прокуратураси томонидан В.К., Х.К. ва М.Т.га нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “п” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида, 2019 йил 27 январь куни марҳум Д.К.нинг жасади Тўрақўрғон тумани, Узумзор МФЙ ҳудудидан оқиб ўтган “Шимолий Фарғона канали”дан кўрпа ва полиэтилен целофанга ўралган ҳолатда тан жароҳатлари билан топилган.

Юқоридагиларга кўра, Х.К. ва М.Т. ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “п” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилинувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган, 2019 йил 28 январь куни Х.К., М.Т.га ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “п” банди билан жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб этилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

В.К. терговдан яшириниб Қозоғистон Республикасига марҳум Д.К.нинг турмуш ўртоғи Н.Ю. билан биргаликда қочиб кетганлиги сабабли 2019 йил 28 январь куни унга нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “п” банди билан сиртдан айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш ҳақида қарор қабул қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўлланилган ва қидирув эълон қилинган.

Ҳозирда жиноят иши вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими иш юритувига олинган. 

Қайд этилишича, жиноят иши бўйича тергов Бош прокуратура назоратига олинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид