Ўзбекистон | 12:11 / 31.01.2019
42281
2 дақиқада ўқилади

Пўлат Бобожонов Сирдарёга борди. Бир амалдор ишдан олинди

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президентининг топшириғига асосан ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ жорий йилнинг 24-26 январь кунлари Сирдарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси президентининг кейинги бир ойда қабул қилган фармон ва қарорлари ҳамда ўтказилган видеоселектор йиғилишида берган топшириқлари ижроси ташкил этилганлиги аҳволини ўрганиб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабарига кўра, ишчи гуруҳ томонидан вилоятдаги криминоген вазият таҳлиллар асосида ўрганиб чиқилганида, муайян камчиликлар ҳали-ҳануз сақланиб қолинаётганлиги, яъни вилоятда қайд этилаётган жиноятлар 100 минг аҳоли сонига нисбатан ҳисобланганда 158,8 тани ташкил этган, бу борада Гулистон ва Янгиер шаҳарлари, Оқолтин, Мирзаобод ва Сирдарё туманларида ушбу кўрсаткич вилоят кўрсаткичидан юқорилиги аниқланган.

Уч кун давом этган ўрганишларнинг якуний ҳисоботи сифатида жорий йилнинг 26 январь куни вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев ва ички ишлар вазири П.Бобожонов томонидан ишчи гуруҳ ҳамда вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари ва барча шаҳар-туманлари ҳокимлари, прокурорлар, ички ишлар ва давлат солиқ органлари раҳбарлари ҳамда “Маҳалла”, “Нуроний”, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Мажлисда ислоҳотларнинг моҳиятини тўлақонли англаб етмасдан, бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган, ҳануз эскича иш услуби билан ишлаётган, фуқароларнинг манфаати йўлида жонбозлик кўрсатмаётган Сирдарё тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари С.Йўлдошев эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Бундан ташқари, жиддий камчиликларга йўл қўйган, ўзига ишониб топширилган соҳада аниқ ташаббус кўрсатмаган бир қатор мутасадди раҳбарларга нисбатан таъсирчан чоралар кўрилган.

Мавзуга оид