2019 йилнинг январь ойида мамлакат истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар нархи ўртача 1,5%га ошди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар бермоқда.
Ой давомида маҳсулотлар нархи 1,8%га, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари 2,8%, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,5%га ошди. Хизматлар нархи эса 0,5%га ўсди.
Ой давомидаги нархлар ўзгаришининг тузилмаси таҳлилига кўра, 2019 йилнинг январь ойида ҳар бир йирик гуруҳнинг салмоқ вазнларини ҳисобга олган ҳолда, таъсир даражаси бўйича устунлик озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳига тегишлидир
Асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан нархларининг ўсиши борасидаги етакчилик мева-сабзавот маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келиб, бу эса нархларнинг ой давомида ўртача 8,3 %га қимматлашганлигини кўрсатади
Қуйида алоҳида гуруҳлар бўйича озиқ-овқат маҳсулотларининг истеъмол нархлари индекси тақдим этилган:

2019 йил январь ойида ҳам асосий турдаги нон маҳсулотлари нархлари қимматлашишда давом этди: ун, нон ва нон маҳсулотлари, гуруч, ёрма ва дуккакли маҳсулотлар нархлари ой давомида 0,2% дан 3,7% оралиғида қимматлашди.
Маълумот учун: гуруч нархлари январь ойида сезиларли даражада Фарғона вилояти (4,7%) ва Қорақалпоғистон Республикасида (4,5%), минимал даражада эса Наманган вилоятида (1,1%) ошган.
Ой давомида буғдой уни нархлари Қорақалпоғистон Республикаси (6,9%) ва Сурхондарё вилоятида (5,5%) сезиларли даражада қимматлашганлиги кузатилган бўлса, минимал суръатда ошганлиги эса Хоразм вилоятида қайд этилган (0,6%). Андижон, Бухоро, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Фарғона вилоятларидаги нархлар ой давомида ўзгаришсиз қолган.
Олий навли буғдой унидан нон нархлари уч ҳудудда ошган: булар, Қорақалпоғистон Республикаси (13,3%), Сурхондарё вилояти (9,6%) ва Тошкент шаҳрида (13,1%).
1-навли буғдой унидан нон нархлари Қорақалпоғистон Республикасида (1,2%), Сурхондарё (6,6%) ва Фарғона (5,0%) вилоятларида қимматлашган.
Қуйида асосий турдаги нон махсулотларининг истеъмол нархлари индекси тақдим этилган:





















