Ўзбекистон | 22:06 / 01.02.2019
24516
8 дақиқада ўқилади

Хотин-қизлар қўмитаси Президент фармони ижроси бўйича ҳисобот берди

Президентнинг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қабул қилинган фармонига бир йил тўлиши муносабати билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда Республика Хотин-қизлар қўмитаси иштирокидаги медиа-анжуман бўлиб ўтди.

Тадбирда маълум қилинишича, мазкур фармонга мувофиқ ижтимоий оғир аҳволдаги аёлларни ҳимоя қилиш хотин-қизлар тизимининг устувор йўналишига айланди, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошди, уларнинг бандлигини таъминлаш масаласи янги босқичга кўтарилди, хуқуқий онги ва маданияти ошди.

Фото: Хотин-қизлар қўмитаси

Қабул қилинган ҳужжатлар

Сўнгги икки йилда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмиталари ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг фаолияти тубдан ўзгартирилиб, аниқ вазифалари белгилаб олинди. Қабул қилинган фармон доирасида Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4 қарори, ҳукуматнинг 6 қарори, 4 фармойиши ва 12 чора-тадбирлар дастури қабул қилинди. Юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг барча соҳаларда тенг ҳуқуқли меҳнат қилиши борасида ҳуқуқий асослар яратилган.

Кадрлар заҳираси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисидаги қонунда депутатликка номзодлар кўрсатишда хотин-қизлар учун 30 фоизлик квотанинг белгиланганлиги вакиллик органларида уларнинг самарали фаолият юритиши учун хизмат қилмоқда. Ҳозирда 3 минга яқин фаол хотин-қизлардан иборат кадрлар заҳираси шакллантирилиб, уларни депутатлик ва раҳбарликка тайёрлаш борасидаги ўқишлар ташкил этимоқда.

Ихтирочи аёллар

Бугунги кунда Республикада ихтирочи аёллар сафини кенгайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг олиб бораётган тадқиқотлари натижаларини халқаро даражага олиб чиқиш бўйича Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мақсадли ишларни амалга оширмоқда. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг Инновация бўлими қошида ташкил этилган “Ихтирочи аёллар” уюшмаси билан Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланган бўлиб, яқин ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар

2018 йилда Республика бўйича 47 минг нафарга яқин оғир турмуш шароитида яшаётган, шундан 14 минг 600 нафар ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг рўйхатлари шакллантирилиб, улар билан манзилли ишлар олиб борилди. Уларнинг 14 минг нафарига тиббий ёрдам кўрсатилди, 13 минг 500 нафарининг бандлиги таъминланди, 22 минг нафарига 21 млрд. сўм миқдоридаги моддий ёрдамлар берилди.

Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан 1464 нафар оғир турмуш шароитида яшаётган ва ногиронлиги бўлган хотин-қизларга арзон уй-жойлар учун 54,6 млрд. сўм бошланғич бадал пуллари тўлаб берилди.

Президент Олий Мажлисга қилган мурожаатномасида Қўмитага хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, айниқса оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган 13 минг нафар хотин-қизларни иш билан, 1600 нафар хотин-қизларни уй билан таъминлаш вазифасини топширди. Қўмита томонидан бу борадаги аниқ режалар белгиланиб, амалий ишлар олиб борилмоқда.

Фонд маблағларидан ҳар йили 1600 нафар аёлга уй-жой суммасининг бошланғич бадалини шакллантиришга амалий ёрдам берилади.

Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди учун ажратилаётган маблағлардан ногиронлиги бўлган хотин-қизларга моддий ёрдам бериш, уларни реабилитация воситалари билан таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилади.

Фото: Хотин-қизлар қўмитаси

Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш

Бугун хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг устувор йўналишларидан бири, халқ турмуш даражаси ва сифатини юксалтиришнинг муҳим шарти сифатида белгиланган.

Хусусан, 2018 йилда бандлик дастурлари асосида яратилган иш ўринларига хотин-қизлар қўмиталари ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан уйма-уй юриш орқали аниқланган 245 минг нафар ишсиз хотин-қизлар ишга жойлаштирилди. Маҳаллалар кесимида манзилли рўйхатлар шакллантирилиб, алоҳида дастур асосида 10 минг нафарга яқин оғир турмуш шароитида яшаётган аёл бандлиги таъминланди ва бунга 38 млрд. 261 млн. сўм маблағ йўналтирилди.

Хотин-қизлар қўмиталари ташаббуси билан бўш биноларни қайта таъмирлаш ва ишга тушириш ҳисобига 2 минг 300 тадан ортиқ кичик цехлар ташкил этилиб, 16 минг нафарга яқин хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди.

Хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида кредитлар ажратиш оҳирги икки йилда 2 баробарга оширилди. Айниқса, йиллик 7 фоизлик имтиёзли кредитлар бериш тизими жорий этилди.

2014-2016 йилларда тижорат банклари томонидан хотин-қизларга тадбиркорлик фаолияти учун жами 3,8 трлн. сўм кредит ажратилган бўлса, 2017-2018 йилларда 6,1 трлн. сўм кредит ажратилган.

Хотин-қизлар қўмиталарининг тавсияномалари асосида Фонд маблағлари ҳисобидан йиллик 7 фоизлик имтиёзли кредитлар ажратиш тизими жорий этилиб, жорий йилнинг ўзида 100 млрд. сўм маблағ йўналтирилди.

Ижтимоий реабилитация марказлари

Бугун ҳудудларда 159 та Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилатация қилиш ва мослаштириш марказлари ташкил этилди.

Хотин-қизлар қўмитасининг республика бўйича ягона қисқа рақамли (1146) “Ишонч телефони” ташкил этилиб, ҳар куни 24 соат давомида хотин-қизларнинг мурожаатларини қабул қилиш тизими йўлга қўйилди ва ҳозирги кунга қадар 12 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушди.

2018 йилда даврида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси марказий аппаратига жисмоний ва юридик хотин-қизларлардан жами 7296 та мурожаатлар келиб тушган.

Шунингдек, йил давомида ҳафтанинг ҳар пайшанба куни Қўмита раиси томонидан 803 нафар фуқаро қабул қилинган, ҳамда хотин-қизлар ва оила масалаларида долзарб бўлган мурожаатлар сайёр тарзда жойига чиқиб 1870 нафар фуқаро қабул қилинган, аниқ ва самарали натижалар амалга оширилган.

Хотин-қизлар жиноятчилиги

Республикамизда хотин-қизлар жиноятчилигини камайтириш борасида олиб борилган профилактик ишлар натижасида республика бўйича хотин-қизлар жиноятчилиги мос равишда 2016 йилда - 5 фоизга, 2017 йилда 11 фоизга камайган бўлса, 2018 йилда 35,7 фоизга камайишига эришилди.

Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида суд жараёнларида қўмита вакилларининг иштирокини таъминлаш тизими жорий этилиши натижасида 2018 йилда 113 нафар жиноят ва 780 нафар ҳуқуқбузарлик содир этган хотин-қизлар кафиллик асосида жазодан озод этилди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Олий суд ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум қабул қилинди.

Олий суд билан биргаликда Зангиота туманидаги жазони ўташ муассаси ва колонияда суҳбат ва сайёр судлар ўтказилди. Ушбу тадбирда 9 нафар аёлларнинг жазони ўташ тартиби енгиллаштирилди, 6 нафар аёллар озодликка чиқарилди.

Оила турмуш даражасидаги жиноятларни кескин камайтириш мақсадида 9 минг 437 та нотинч оилалар билан профилактик ишлар олиб борилиб, уларнинг 72 фоизида нотинчлик бартараф этилди.

Хотин-қизлар томонидан асосан фирибгарлик, иқтисодий жиноятлар ва ўғирлик жиноятлари содир этилмоқда.

Олий суд билан Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида Меморандум имзоланиб, ажрашишга аризага берганларнинг дастлаб Хотин-қизлар қўмитасида суҳбатдан ўтказиш ва ажрим юзасидан хулосасини олиш йўлга қўйилди. Бунинг натижасида жорий йилнинг ўзида 27 мингта ажрим ёқасига келиб қолган оилаларнинг 78 фоизи яраштирилди.

Мавзуга оид