12:53 / 02.02.2019
11781

Вазирлик Намангандаги мактаблар муаммосини ҳал этмоқчи​

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

​Халқ таълими вазири ўринбосари Иброҳим Жўраев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Наманган вилоятидаги мактаблар ҳолатини ўрганиб чиқди. Наманган вилоятида 685 та умумтаълим мактаблари мавжуд бўлиб, мазкур муассасаларни ўрганиш жараёнида уларнинг қуввати ва қамров имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди, деб хабар бермоқда вазирлик ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, ўрганиш натижасида вилоятдаги мавжуд мактабларнинг 78 фоизида, аниқроғи, 522 тасида ўқиш жараёни 2 сменада ташкил этилгани аниқланган. Вилоят ҳудудидаги 88 та мактабнинг коэффициенти 1,5 дан юқори, ҳамда 46 тасида 2 коэффициентдан юқори.​

«Мисол учун, Наманган шаҳридаги 1-умумтаълим мактаби қуввати 1490 ўринга мўлжалланган бўлиб, масканда 3000 нафар ўқувчи ўқийди. 1010 ўринли 34-умумтаълим мактабида эса 2250 ўқувчи, қуввати 620 ўринли бўлган 5-мактабда 1390 нафар ўқувчи, 840 ўринли 11-умумтаълим мактабларида эса 1695 ўқувчи таҳсил олмоқда.

Ушбу ҳолатни яхшилаш мақсадида қуйидаги йўналишларда ишлар олиб борилди:

Биринчидан, умумтаълим мактабларида ўқув жараёнларини беталофат ва самарали ташкил этиш учун касб-ҳунар коллежлари биноларини халқ таълими тасарруфига ўтказиш ҳамда келгусида улардан оқилона фойдаланишга келишилди. Ўрганишлар асосида бу борада аниқ таклифлар тайёрланиб, таҳлилий маълумотлар Республика ишчи гуруҳига тақдим этилди.

Иккинчидан, 2019 йилда инвестиция дастурига биноан Наманган вилоятида 6 та янги қурилиш, 12 та мактабни капитал реконструкция қилиш, 27 тасини капитал таъмирлаш режалаштирилган. Бу эса ўз навбатида мактабларга ўсиб бораётган талабни бироз мақбуллаштиришга ёрдам беради. Айни пайтда мазкур объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари расмийлаштирилган.

2018 йилда инвестиция дастури бўйича вилоятда 22 та таълим муассасаларида 62,6 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган», —​ дейилади ахборотда.

Таъкидланишича, вилоятда жами 8 та шу йўналишдаги мактаблар мавжуд бўлиб, улардаги 47 та синфда 800 нафар ўқувчига 51 нафар педагог сабоқ бермоқда.

Top