Ўзбекистон | 16:20 / 05.02.2019
20246
3 дақиқада ўқилади

Коллежлар умумий сонида энг катта улуш қайси шаҳарлар ҳиссасига тўғри келмоқда?

Фото: sovminrk.gov.uz

2018/2019 ўқув йилининг бошига Ўзбекистон Республикасида 1537 та ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари фаолият юритмоқда. Улардан академик лицейлар сони 123 тани ва касб-ҳунар коллежлар сони - 1414 тани ташкил этди.

Давлат статистика қўмитаси хабарига кўра, 2017/2018 йиллар бошига 1556 та ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари мавжуд бўлиб, улардан 123 таси академик лицей ва 1433 та касб-ҳунар коллежлари ташкил қилган.

2018/2019 ўқув йили бошига ўрта махсус касб-ҳунар таълим муассасаларининг умумий сонидан, академик лицейлар улуши 8,0%ни ташкил этади, касб-ҳунар коллежлари эса 92,0%ни ташкил этади.

Академик лицейларнинг улуши 2016/2017 ўқув йили бошида 9,2%, касб-ҳунар коллежлари эса 90,8%ни ташкил этган. 

Ўзбекистон Республикасида 2018/2019 ўқув йили бошига 123 та академик лицейларда 70,8 минг нафар ўқувчи таҳсил олаётган бўлиб, 31,6 минг нафар ўқувчи таълим муассасаларини битирди. 2017/2018 ўқув йилининг бошида эса 123 академик лицейларда, 85,3 минг нафар ўқувчи таҳсил олган ва 32,7 минг нафар ўқувчи битирган.

Ўзбекистон Республикасида 2018/2019 ўқув йили бошига 1414 та касб-ҳунар коллежлари фаолият юритмоқда, уларда 656,3 минг нафар ўқувчи таҳсил олаётган бўлиб, 454,9 минг нафар ўқувчи таълим муассасаларини битирди.

Касб-ҳунар коллежларининг умумий сонида энг катта улуш Самарқанд, Фарғона, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳарлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Энг кам улуш эса Навоий, Сирдарё, Жиззах ва Бухоро вилоятларига тўғри келади.

Касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари орасида қизларнинг улуши 49,9%, ўғил болалар 50,1%ни ташкил этди. Битирувчилар улуши билан таққослаганда, ўғил болаларнинг улуши 50,7%ни, қизлар эса 49,3%ни ташкил этади.

2018/2019 ўқув йили бошига касб-ҳунар коллежлари ўқитувчилари сони 44,0 минг кишини ташкил этди, улардан 41,0 минг нафари олий маълумотли ва 3,0 минг нафари ўрта махсус маълумотга эга.

2017/2018 ўқув йил бошига касб-ҳунар коллежларининг 73,1 минг ўқитувчиси қайд этилди, улардан 68,6 минг нафари олий маълумотли ва 4,4 минг нафари ўрта махсус маълумотга эга бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид