Жаҳон | 22:09 / 05.02.2019
28560
2 дақиқада ўқилади

Ернинг магнит қутби сурилиши тезлашгани маълум қилинди 

Ернинг Шимолий магнит қутби ҳаракатланиши тезлиги охирги ўн йилликлар давомида бир неча маротаба тезлашди. Буни АҚШнинг атроф-муҳит ҳақидаги миллий институти олимлари аниқлашди. 

Мутахассислар ҳар 5 йилда магнит қутби сурилиши ҳақидаги маълумотларни янгилаб турувчи World Magnetic Model лойиҳаси янги маълумотларини эълон қилишди. Навбатдаги ўзгаришларни 2020 йилда эълон қилиш режалаштирилганди, бироқ магнит қутби сурилиши тезлашгани сабабли маълумотлар барвақт янгиланди.

Маълумотлардан магнит қутби Канаданинг Арктикадаги секторидан Сибир томон ҳаракатланаётгани келиб чиқади.

Қутб ХХ асрнинг аксарият қисми давомида Канада архипелагида бўлган ва Шимолий географик қутб томон йилига тахминан 10 км сурилган. 1990-йиллар охирида мутахассислар қутб сурилишининг сезиларли тезлашганига эътибор қаратишган: 2001 йилда сурилиш тезлиги йилига 40 км.ни, 2007 йилда 50 км.ни, ҳозирги кунда эса 55 км.ни ташкил қилмоқда. 

Тахмин қилинишича, магнит майдони ҳаракатланиши сайёрамиз ядросидаги кутилмаган фаоллик сабабли тезлашади.

Қутбнинг сурилиши давом этса сайёрамиздаги бутун навигация хавф остида қолади. Тизимлардаги ноаниқликлар нотўғри ишлаётган асбоблар бўйича мўлжални ололмай қоладиган самолёт ва кемаларнинг катта сондаги фалокатларига олиб келиши мумкин.

Бироқ мутахассисларнинг таъкидлашича, бундан ҳам каттароқ муаммо шундаки, қутб сурилиши вазиятида магнит майдонини шакллантирувчи Ер ичидаги нарсалар ўзини қандай тутиши номаълум. 

Тахминлардан бирига кўра, миллионлаб йиллар аввал магнит қутбларининг ўзгариши оқибатида сайёрамизда динозаврларнинг қирилиб кетишига олиб келган глобал фалокат юз берган.
 

Мавзуга оид