Ўзбекистон | 09:08 / 08.02.2019
4245
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон - Грузия сиёсий маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2019 йилнинг 7 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Грузия Республикаси ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг 11-раунди бўлиб ўтди.

ТИВ хабарига кўра, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов ва Грузия ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Александр Хвтициашвили бошчилигидаги делегациялар икки томон кун тартибининг долзарб масалаларини, 2017 йил ноябрь ойида Тбилиси шаҳрида ўтказилган вазирликлар ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш якунларини муҳокама қилди.

Учрашувда турли даражалардаги бўлажак икки томонлама тадбирларга, жумладан Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги 9-мажлисини Тошкент шаҳрида ўтказишга ҳозирлик кўриш доирасида томонларнинг биргаликда ишлашга тайёрлиги тасдиқланди.

Савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг истиқболлари батафсил кўриб чиқилди.

Суҳбат чоғида ўзаро савдони фаоллаштириш борасидаги аниқ таклифлар юзасидан фикр алмашилди. Хусусан электротехника, кимё, тўқимачилик, машинасозлик, фармацевтика, қурилиш ва бошқа саноат соҳаларининг турли маҳсулотлари ҳисобига экспорт қилинадиган товарларни етказиб бериш номенклатурасини кенгайтиришга томонларда қизиқиш борлиги таъкидланди. Шунингдек, қўшма корхоналарни ташкил этиш, икки мамлакат ҳудудида савдо ваколатхоналарини ва савдо уйларини очиш, соҳавий кўргазма ва бизнес-форумлар ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш мавзусини муҳокама қила туриб, томонлар Ўзбекистон ва Грузия туристик компаниялари ўртасида тажриба алмашишнинг муҳимлигини қайд этди (Грузия аҳолиси 3,8 млн. кишини ташкил қилган ҳолда 2018 йилда мамлакатга 8 млн. турист ташриф буюрган).

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси (МАК) жорий йилда «Тошкент-Тбилиси-Тошкент» йўналишидаги рейсни очишни режалаштираётгани мамнуният билан қайд этилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон томони Грузия делегацияси олдига МАКга тақдим қилинадиган «бешинчи ҳаво эркинлиги» тўғрисидаги масалани қўйди.

Музокараларда Грузиянинг Ўзбекистондаги муваққат ишлар вакили Анзор Меладзе иштирок этди.

Мавзуга оид