Ўзбекистон | 18:23 / 11.02.2019
22546
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекэнерго»: Юнусободда синов тариқасида янги тизим йўлга қўйилди

Фото: РИА Новости

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нарх ва тарифларини босқичма-босқич ўзгартириш тўғрисида”ги 897-сонли қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида “Ўзбекэнерго” АЖ томонидан Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида тажриба тариқасида, аҳоли истеъмолчилари томонидан фойдаланган электр энергияси учун ҳисоб-китоблар ўрнатилган меъёр асосида амалга оширилмоқда.

Яъни, “Ўзбекэнерго” АЖ матбуот хизмати хабарига кўра, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб, истеъмолчилар ой давомида фойдаланилган 300 кВт.соат (ўрнатилган меъёрдан) электр энергияси учун тўловларни аҳоли учун белгиланган тариф бўйича, 300 кВт.соатдан ортиқ  қисми учун эса белгиланган тарифга 1,2 баравар оширилган коэффициентини қўллаган ҳолда амалга оширилади.

Бундан мақсад, истеъмолчилар томонидан электр энергиясидан тежамкорлик билан ва оқилона фойдаланишни тарғиб этиш ва бу орқали ягона электр энергетика тизимининг максимум юкламали соатларида юкламани камайтириш ҳамда истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлашга эришишдир. 

Бугунги кунда аҳолининг турмуш шароити яхшиланиши натижасида маиший электр жиҳозларидан фойдаланишга бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. Агарда, 2000 йилда битта аҳоли истеъмолчисининг ўртача ойлик истеъмоли 114 кВт.соатни ташкил этган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 75 фоизга ўсиб,   ўртача ойлик истеъмол 200 кВт.соатни ташкил этган. Таҳлил натижаларига кўра, 2030 йилга бориб аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи 2018 йилга нисбатан 1,5 мартага ўсиши кутилмоқда.

Истеъмолчилар томонидан фойдаланилган электр энергияси учун ҳисоб-китобларнинг ўрнатилган меъёр асосида амалга оширилишини Республика миқёсида кенг татбиқ этиш бўйича якуний қарор, жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якуни билан Тошкент шаҳар Юнусобод туманида ўтказилган тажриба натижаларига кўра қабул қилиш режалаштирилган. 

Мавзуга оид